Ўзбек халқига хос фазилатлар жўш урмоқда

14.05.2020 11:05:57

Коронавирус пандемияси туфайли дунёда вужудга келган вазиятни бутун инсоният бошдан кечираётган имтиҳонга ўхшатгим келади. Зеро, бир жиҳатдан, бу синовдан бирон-бир юрт ёки халқ четда қололмаётган бўлса, иккинчи тарафдан, ушбу офат келтириб чиқараётган муаммолар бамисоли барчамизнинг инсоний туйғуларимиз нечоғлик холис эканини текшириб кўрмоқда, дейиш мумкин. Чин инсоннинг моҳиятини белгилайдиган эзгу фазилатлар – илму ҳикмат, сабру қаноат, меҳру мурувват, хайру саховат, вазминлигу бардошлилик, тадбиркорлигу бағрикенглик ва ҳаётимизнинг маънавий устунлари бўлмиш бошқа гўзал сифатлар айни кунларда алоҳида аҳамият касб этгани шубҳасиз. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, У халқимизни бундай улуғ имтиёзларга бой қилиб қўйган.

Халқпарвар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатлари ва фидокорлиги натижасида, ҳукумат ва бошқа умуммиллий тузилмаларнинг аниқ ва пухта ўйланган режага асосланган тизимли фаолияти туфайли хатарли вируснинг тарқалиши имкон қадар жиловланмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган ишларни мушоҳада қилар экансан, тарозининг палласига қўйилган халқимиз соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш вазифасининг салмоғи ҳар қандай бошқа юмуш, ҳатто, иқтисодий ривожланиш эҳтиёжларидан-да кўра залворлироқ бўлаётганига амин бўласан. Инсон саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби хайрли мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай маблағни аямаслик давлатимиз сиёсатининг асосий мақсади эканлигини кўриб, халқимиз хотиржамлиги, турмушимиз фаровонлиги ва тўкислигига ҳеч қандай вирус осонликча таҳдид сололмаслигига ишончи ортади кишининг.

Бундай хулосанинг холислиги исботлари сифатида юртимизда коронавирусга чалинганлар сонида кескин ўсишнинг кузатилмаётгани, пайдо бўлаётган ҳолатлар юзасидан тезкор амалий чоралар кўрилаётгани, зарурат туғилиб қолган тақдирда беморларни жойлаштириш учун лозим бўлган қўшимча янги тиббий муолажа муассасаларининг тезкорлик билан қурилаётгани ва яна кўплаб ибратли ишларни кўрсатиш мумкин.

Айниқса, серфарзанд ва моддий кўмакка муҳтож бошқа тоифалар, жумладан, турли сабабларга кўра якка-ёлғиз қолган ва уйдан ташқарига чиқиши мушкул бўлган қариялар ва ногиронларнинг ҳожатини чиқаришга бўлган зарурат кун сайин ортиб бормоқда. Машҳур ҳадисларидан бирида ҳар қандай ишнинг натижаси қилинган ниятга мувофиқ бўлади, дея таъкидланади. Рамазон ойи поклик ва мусаффолик, яхшилик ва баракот, саховат ва мурувват палласи бўлиши баробарида, чин кўнгилдан қилинган эзгу дуоларнинг мустажоб этилиши ваъдаси билан ҳам эътиборлидир. 

 

Дилрабо ЙЎЛДОШЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+