Ўзбек тили юксак парвозларга муносиб

11.04.2020 13:04:01

 

Бугун "Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кабул қилинди. Айтиш жоизки, бу она тилимизнинг қадр-қиммати, нуфузини кўтарувчи муҳим қарор бўлди. Кундан-кунга мамлакатимиз, халқимиз ва унинг давлат тили тараққий этиб борар экан, давлатлараро муносабатларимиз ҳам юқори поғонага кўтарилмоқда.

Халқаро минбарларда баралла янграётган ўзбек тили миллатнинг юзидир. Ғуруримиз, шаънимиз, ўзлигимиз ғолиб бўлган, қадим ва бой тарихимиз тан олинган кунни катта байрам тантанаси сифатида кенг нишонлаш, албатта, халқимизга катта завқ бағишлайди. Барчамизга яхши аёнки, бу кунларга эришиш, тилимизнинг ушбу мақомга эга бўлиши осон кечмаган.

Маърифатпарвар ва фидойи жадидчилар тилимизда, сўзлаётган ҳар сўзимизда қанча куч, қанча маъно яширинганини ўз асарларида мажозларга яшириб бўлса-да бизга етказиб бердилар. Ҳаммамиз севиб ўқиган Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ига, ундаги қаҳрамонлар исмларининг чуқур маъносига эътибор қилсангиз, адибнинг қалбидаги изтиробларни пайқаб олиш қийин эмас. Демоқчи бўлганим, буюк тарихимиз сири ҳам, асрий мақсадларимиз ва орзуларимиз ҳам шу она тилимиздаги сўзларга сингган.

Араблар истилосидан сўнг ҳам ўз бойлигини йўқотмаган ўзбек тили XIX ва XX асрларда янада бойиб борди. XX асрнинг 20-йилларидан бошлаб адабиётимизга Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғофур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия каби бир қатор йирик истеъдодларнинг кириб келиши билан ўзбек тили истиқболи янада порлай бошлади. Тилнинг луғат таркиби бойиди ва грамматик қурилиши такомиллашиб борди. Заҳматкаш тилшуносларимиз, таржимон адабиётшуносларимиз меҳнатлари натижасида она тилига янги ифодалар, ажратиш, тўлиқсиз гап, қўшма гап турлари, диалоглар кириб келди.

Қайд этиш жоизки, ўлкамиз қарамлик чангалига тушиб қолган истибдод даврларида она тилимизнинг ривожланиш имкониятлари чекланиши оқибатида шаклланган асоратли муаммолар ҳам учраб туради. Бу даврда тилимизга ўзлашган кўплаб араб-форс сўзлари ҳеч қандай асоссиз сиқиб чиқарилди, ғализликни келтириб чиқарувчи таржималар пайдо бўлди (самолёт – тайёра, аэропорт-тайёрагоҳ, ўзиучар, ўзиюрар), атамалар эса маъноси мос келмаган русча-байналминал сўзлар билан алмаштирилди.

Лекин шунга қарамай, ўзбек тилшунослиги тараққий этишда давом этаверди. Чунки тилимизнинг ўз ривожланиш даврида эришган катта ютуғи бор эди. Бу ютуқ – ўзбек тили фан сифатида ўз фонетикаси, морфологияси, тил қурилиши системаси (синтаксис), услуби, имло қоидаларини  яратганида эди. Шу билан бирга Алишер Навоийдек буюк олимнинг бу майдонга кириб келиши ўзбек тили сайқали ва жозибасини юксакларга парвоз қилишига замин яратган. Нафис сўзлардан қурилган оҳанрабо ғазаллар ўзбек тилининг маъно бўёқдорлигини тобора ошириб борган.

Ўзбек маърифатпарвар шоири Аваз Ўтар ўзининг машҳур “Тил” ғазалида шундай сўзлар бор:

“Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат
этинг, фоида кондур.”

Шоир бунда ўз замондошлари ва ёшларга тил ўрганишнинг қанчалик фойдали эканлиги, тил билгувчининг имониятлари кенглигини уқтиради.Бунда ўзига яраша яна бир чуқур маъно – ҳар тилни билишдан олдин ўз она тилини чуқур англамоқлик, ўрганмоқлик вазифаси мавжуд.

Бугун биз ёшлар қулоғимизга жозибадор туюлган чет тилларига қизишимиз баланд. Лекин ҳаммамиз ҳам ўз она тилимизнинг нақадар гўзаллиги, сермаънолиги ва бетакрорлигини биламизми?

Шуни чуқур англашимиз зарурки, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи биз - ёшларнинг дунёқарашимиз, сўз бойлигимиз ва маърифатпарлигимиз, китобхону саводхонлигимизга боғлиқдир. Зеро, биз бугун эришишга уринаётган кенг фикрлилик, маънавий етуклик дастлаб ўз она тилига бўлган ҳурматдан бошланади.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Фарғона вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+