"Ўзбек тилини ўқитган устозимиздан хафа бўлганмиз"

27.10.2020 11:10:02

Мустақилликка эришганимизнинг илк йилларида айни баҳор пайти, яъни, ўқув йили ўрталарида бизга ҳам ўзбек тили дарси қўйилган эди (ўзбек синфида ўқимаганман). Биз ўзбекча сўзлашни билганимиз учун бу дарснинг жадвалда пайдо бўлиши ортиқчадек малол ҳам келган эди. Ушбу янгиликни "Устозларнинг умри, ўқувчиларнинг вақти ва давлат пулининг бекорга кетиши" - дея оғриниб кутиб олганмиз. Ўзбек тили фанимизнинг биринчи дарсини аниқ эслайман: Устозимиз Ўлмас опа, Ўзбекистон мадҳиясининг муаллифи бўлмиш Aбдулла Ориповнинг «Тилла балиқча» шеърини шу қадар  образга кириб айтиб бергандиларки, ҳудди янги фильм тақдимотида ўтиргандек ҳис қилганмиз ўзимизни…

 

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни

Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.

Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,

Хор-у хас, хазонлар устин ёпдилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча

Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.

Менга алам қилар, тилла балиқча

Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни.

 

Ҳали ҳам яққол эслайман, устозимиз шеърни тугатиб, уни тинглаганимиздаги  таассуротларимиз ҳақида сўрадилар. Ўша кезлар оиламиз жуда яхши яшаган бўлишига қарамай, қишлоғимни кўлмак сувдек тасаввур қилганим хам ёдимда… Сўнгра 7 хонали уйимиз ёнига 3 кунда 5 хонали уй ва кўча деворини тўртовлашиб қуриб ташлаган акаларимни, «пахта иши» дея ҳамма жойда қама-қамалар бўлганда ҳам колхоздагиларнинг бирор тола сочига ҳам тегина олишмаганига сабабчи бош ҳисобчи бўлган дадамни, мактабда 4-синфгача ўқиган бўлишига қарамай фарзандларининг ҳар кунги уй вазифасида, ҳатто 10-11 синфнинг ҳар қандай мавзусини тушунтириб бера оладиган онамни (дадам обуна бўлган 20 дан ортиқ ҳар хил газеталар, 4-5 хил илмий-публицистик журналлар  келарди уйимизга, онам эса барчасини ўқирдилар), бузилган ҳар қандай техникани тузата оладиган маҳалламиздаги Малик акани, ҳиндча қўшиқларни фильмлардагидек ижро этадиган акамнинг дўсти - Шерзод акани, Юрий Шатуновнинг ашулаларини қишлоқ тўйларида чиройли ва жонли куйловчи Жўра акани, ҳар қандай рақсни қийиб қўядиган  Урбигул дугонамни, қўл тўпи ва волейболда тинмай голлар, очколар урадиган дугонам Aтиргулни ва чоракликка 5 баҳо олиш учун бир чоракда ўтилган мавзуларни 2 кунда ёдлаб оладиган каминани, хуллас, барча истеъдодларни кўз олдимга келтирган эдим.

Отам таниш-билишчиликка йўл қўймаслиги сабаб айримларга ёқмасди. Душманликни мақсад этганлар қашқадарёликлар бўлишиб айниқса, миллатчилик ва маҳаллийчилик туфайли ҳар ҳил тухматлар қилишга уринишган. Вақт ўтиб эса қилмишларидан уялиб юришган. Аммо кичик ёшдаги  ақлим билан барча қашқадарёликлардан ҳафа бўлиб, уларни жуда ёмон кўрар эдим. Ўша шеърнинг муаллифи қашқадарёлик бўлгани сабаб уларни кечириб юборганим ҳам эсимда. «Биз миллатпарвар ва ватанпарвармиз»,  - дея жуда кўп хатога йўл қўярдик. Ўзбек тили устозим Ўлмас опа ва немис тили устозим Ҳамра опалар  бизга миллатчилик, маҳаллийчиликни  миллатпарварлик билан  қориштириб юбормасликни тушунтиришган. Англаганим шу бўлдики, ҳеч қайси миллат бутунлигича ёмон ёки яхши, инсонлар ҳам тўлалигича бир тоифа бўлмас экан. Иккала устозим ҳам асли қашқадарёликлардан эди. Aйниқса чет тили устозимиз немислар ва  жухудлар бизга душман эмас эканлигига ишонтира олган эдилар. Немисларнинг ичида нафақат Гитлер, балки Рентген каби инсониятнинг соғлигидек муҳим соҳа ривожига ҳисса қўшганлариинг ҳам кўп эканини, жуҳудларнинг ҳаммаси ҳам мусулмонлар душмани эмас, балки инсоният тараққиётига ўз улушини қўшаётганини таъкидлаб ўтиб, баъзи бир шахсларнинг хатоларга, жиноятларга йўл қўйиши бу уларнинг миллати ва маконига дахли йўқ эканлигини уқтира олишган. Биз ана шундай ҳақиқатларни ўзбек тили дарси туфайли яхши англаганмиз.

Ўзбек тили фанини ўрганганимиз туфайли қозоқ синфида ўқиган бўлсам ҳам ўша вақтлар олий ўқув юртига грант асосида киришга муваффақ бўлганим ва таҳсил олиш жараёнида умуман қийналмаганим, ҳеч қандай репититорларга ҳам муҳтожлик сезмаганим учун устозларимдан хозиргача миннатдорман. Барчангизга ўзбек тили байрами  муборак бўлсин!

 

Aйгул ПЕРНЕБЕКОВА,

Ўзбекистон "Aдолат" СДП

Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+