Ўзбек тилининг мақомини кўтаришга қанчалик ҳисса қўшмоқдамиз?

25.09.2020 13:09:16

 

Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йили 21 октябрда имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганига яқин кунларда бир йил тўлади. 

Ўтган вақт давомида ўзбек тилининг мақомини кўтаришга қанчалик эришдик? Бу тўғрида жуда кўп мақолалар ёзганман, ўқиганман. Бугун депутат Шалола Ҳамидова билан шаҳримиз кўчаларини кўздан кечирдик.

Узоқ тарихдан бугунгача бўлган кунларимиз ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Тадбиркорларга, юртдошларимизга “Давлат тили ҳақида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунларни тушунтирган бўлдик.

Албатта, кимдир буни бажонидил, кимдир эса айбни кимларгадир тўнкаган ҳолда қабул қиляпти.

Шу ўринда бир таклифни илгари сурмоқчиман. Бугун туман ва шаҳар газеталари таҳририятлари иқтисодий қийин аҳволда. Агар маҳаллий Кенгашлар қарори билан барча тадбиркорлик субъектлари ўз биноларига тайёрлаган турли реклама ва билдирув шаклидаги кўргазмаларини ўз ҳудудидаги таҳририят таҳриридан кейин чоп этишга рухсат бериш тартибини қабул қилса, бу ишларни тартибга олиш имконияти пайдо бўлади. Таҳрир иши учун тўланган белгиланган сумма эса таҳририятлар молиявий аҳволига ижобий таъсир кўрсатади. Агар шунда ҳам давлат тили қоидалари бузилишига йўл қўйилса, таҳририят ўз ҳисобидан янгилаб беради.

Бугун аниқ иш режимига ўтиш вақти келди. Шу боис амалий таклифларни ўрганиб, ҳаётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман.

Санжар ҚУРБОНОВ,

Халқ депутатлари Навоий шаҳар

 Кенгаши депутати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+