Ўзбекистон фуқаросимиз – қадру эъзоздамиз

27.05.2020 17:05:29

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги  депутатлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистонда миллатларо тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенгликни янада ривожлантиришнинг ижтимоий, фалсафий масалалари” мавзуидаги онлайн илмий-амалий Конференция менда яхши таассурот қолдирди. Айниқса, бу борада Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги  ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилингани, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг  бугунги кундаги ижроси таҳлил этилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари томонидан анжуманда жамиятда миллатлараро бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, Миллий тиллар, дин ва маданиятларнинг эркин ривожланиши учун шароит яратиш, ҳар бир миллатнинг камситилишига йўл қўймайдиган кафолатни мустаҳкамлаш, миллий муносабатлар соҳасидаги барча ғоявий-сиёсий, илмий тадқиқот ва тарбиявий ишларни янгилаш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, анжуманда замонавий оилани мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш, манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, миллатларо алоқада тарихий анъаналар ва миллий ўзига хос хусусиятни ўзаро ҳурмат қилишни қарор топтириш, ҳар бир халқнинг иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳисобга олиш масалалари ҳам диққат марказида бўлди.

Мен Туркман миллатига мансубман. Ўзбеклар билан туркманлар орасидаги дўстлик, айниқса, мазмунан ғоят бойдир. Уларнинг турмуш тарзи, урф-одати бир. Туркман ва ўзбек халқларининг дўстлиги, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги асрлар қаърига кириб кетади. Улар асрлар давомида оға-инидай қўлни-қўлга бериб, бирга яшаб келмоқдалар, яратувчилик меҳнати билан  фаровон ҳаёт яратмоқдалар.

Дўстлигимизнинг мовий дарёси бошида Алишер Навоий билан Махтумқули турганди. Бу икки устун, икки арбоб ўзининг маънавий бирлиги ибрати билан бизнинг халқларимизга кўп асрлар давомида тинчлик ва дўстликда яшанглар? деб васият қолдирган.

Дарвоқе, шу кеча-кундузда Қашқадарё воҳасининг шаҳару-қишлоқларида юзлаб, минглаб туркманлар истиқомат қилади. Мен бугунги анжуманда миллатлараро  муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилгани туфайли Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан яна бир бор фахр-ифтихор туйғусини туйдим. Кези келганда айтишим керакки, бизга давлатимиз, маҳаллий ҳокимиятлар, ҳатто Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси  томонидан қаратилаётган эътибор жуда ҳам самарали бўлмоқда. Биз ўзбекистонлик туркманларнинг, қолаверса  бошқа миллат вакилларининг ҳам қадру эъзозимиз албатта давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам маълум маънода асосдир.

Конференцияда миллатлараро тотувлик ва диний ҳамда сиёсий бағрикенглик масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. Ҳақиқатдан ҳам миллатларо ҳамжиҳатлик барқарорлигида бундай анжуманларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Биз анжумандан жуда катта билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Ўзбекистонда барча миллатлар халқлари тенг ҳуқуқлилиги Конституциямизда мустаҳкамланган. Мен бу анжуманни уюштириш ва уни юксак савияда ўтказишда бош-қош бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларига миннатдорчилик билдираман.

Бахтиёр ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Муборак туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+