Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ШАРҲ

15.10.2019 22:10:28

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 14 октябрдаги 866-сон қарорига 

ШАРҲ

Жорий йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг “Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан” Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ҳукуматига мурожаати қабул қилинди ва оммавий-ахборот воситаларида эълон қилинди.

Ушбу мурожаатда ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида ғаллага нарх белгилаш амалиётига чек қўйиш ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига моддий-техник ресурслар етказиб бериш ҳамда ғалла етиштиришни кредитлаш тизимини янада такомиллаштириш масалалари кўтарилди.

Аграр соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида жорий йилда ғалладан 7 млн. тоннадан ортиқ ҳосил йиғиб олинди ва биринчи маротаба фермер хўжаликлари ғаллани бозор нархларига яқин нархларда сотишди.

Олдинги йилларда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирокида омборларга ташиб олинган бўлса, бу йил биринчи маротаба фермерларнинг ўзи дон корхоналарига келиб қўшимча ғаллани қабул қилишни талаб қилишди.

Бунинг асосий сабаби давлат томонидан ғалла салкам бозор нархида яъни, ўртача 1 тоннаси 1 млн. 420 минг сўмдан сотиб олинди. Режа бўйича давлат ресурсларига 3 млн. тонна ғалла сотиб олиш кўзда тутилгани ҳолда амалда 3 млн. 556 минг тоннадан ортиқ ғалла сотиб олинди.

Бугунги кунгача фермер хўжаликлари томонидан топширилган
3 млн. 556 минг тонна ғалла учун белгиланган харид нархида 1200 сўмдан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниб, ҳисобланган 778 млрд. сўмлик устамаларнинг 580 млрд. сўми ҳозиргача тўлаб берилмаган. 

Натижада, жуда кўп фермер хўжаликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашига мурожаат қилиб давлатга сотилган ғалла учун ҳисоб-китобни тўлиқ якунлашга ёрдам беришни сўраган. Ўз навбатида хўжаликларнинг мурожаатлари асосида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан фермерларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ҳукуматига мурожаати қабул қилинди.

Мурожаатда кўтарилган масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2 октябрь куни ўтказилган йиғилишда кўриб чиқилиб, мурожаатда кўтарилган масалаларни ўрганиш мақсадида депутатлар гуруҳлари ташкил этилган ҳамда улар республиканинг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борган. Депутатлар томонидан жойларда фермер хўжаликлари, ун ишлаб чиқарувчи, қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар ва аҳоли билан ўтказилган учрашувларда фермерларининг талаблари ҳақли эканлиги улар билан топширилган ғалла учун ҳисоб-китоблар охирига етмаганлиги, ун ва қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг молиявий ҳолати ёмонлиги, энг ёмони давлат томонидан белгилаб қўйилган арзон нархдаги ун аксарият ҳолларда аҳолига етиб бормаётганлиги аниқланди.

Мурожаатда кўтарилган масалалар ҳамда жойларда ўтказилган ўрганишларда аниқлаган муаммоли масалалар ечимини топиш мақсадида Олий Мажлис томонидан қайд этилган масалада парламент эшитуви ўтказилди. Парламент эшитувида тегишли вазирлик ва идораларнинг, фермер хўжаликларининг ҳамда депутатларнинг кўтарилган муаммо бўйича фикрлари эшитилди. Парламент эшитуви якуни бўйича Олий Мажлиснинг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши Мурожаатини кўриб чиқиш якунлар бўйича қарори қабул қилинди ва қарорда Ҳукуматга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг Мурожаатида кўтарилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш тавсия этилди.

Қайд этиш лозимки аҳолининг кенг қатламларини арзон ун ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида йиллар давомида ун ва қолипли ноннинг чакана нархи давлат томонидан белгилаб келинди. Ғалла фермер хўжаликларидан бозор нархларидан паст, давлат идоралари томонидан белгиланган нархларда сотиб олинди. Шунингдек ун ва қолипли ноннинг нархи ҳам давлат идоралари томонидан белгилаб берилди. Жумладан, жорий йил ҳосилидан давлат ресурсларига бир тонна ғалла ўртача
1 млн. 420 минг сўмдан сотиб олингани ҳолда уннинг бир тоннаси
1 млн. 400 минг сўмдан сотилаётгани бунга яққол мисол.
 
Ваҳоланки бир тонна ун ишлаб чиқариш учун 1 тонна
333 килограммдан ортиқ буғдой сарфланишини ҳисобга олсак, бир тонна ун ишлаб чиқариш учун ўртача харид нархида ҳисоблаганда салкам
1,9 млн.сўмлик буғдой сарфланади. Яъни, уннинг белгиланган улгуржи нархи билан сарфланадиган буғдой қиймати ўртасидаги фарқнинг ўзи, бошқа харажатларни ҳисобламаган тақдирда ҳам 500 минг сўмни ташкил этмоқда ёки ун ишлаб чиқарувчи шунча зарар кўрмоқда. 

Ўрганишлар ун ва нон нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсати амалда ўзини оқламаганини, давлат томонидан белгилаб берилган арзон нархдаги ун ва нон маҳсулотлари аксарият ҳолларда аҳолига етиб бормаётганлигини ва давлат томонидан дон етиштириш, ун ва нон ишлаб чиқариш соҳаларига берилаётган имтиёзлар кутилган натижани бермаётганлигини кўрсатди. Шу билан биргаликда иқтисодиётнинг барча соҳаларига тўлиқ бозор муносабатлари жорий этилган бир даврда кўрсатилган соҳаларда давлат аралашувининг сақлаб қолиниши шу соҳалардаги тадбиркорларнинг эркинликларини чеклаб қўймоқда. Бу ўз навбатида шу йўналишларда самарадорликни оширишга бўлган интилиш ўта паст даражага тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Фермер хўжаликлари, ун ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга тадбиркорлик субъекти сифатида тўлиқ эркинлик яратиб бериш ва Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг Мурожаатини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарорида берилган тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

Қарорда жорий йил 15 октябридан бошлаб давлатнинг ун ва қолипли нон ишлаб чиқарувчилар фаолиятига аралашувига тўлиқ чек қўйиш белгиланди. Бу қарор қайсидир маънода тарихий қарордир. Таъкидлаб ўтиш лозимки бизга қўшни бўлган Қозоғистонда, Тожикистонда ва Қирғизистонда дон, ун ва нон маҳсулотларининг нархи бундан 20 йил олдин эркинлаштирилган.

Бугунги кунда 1 килограмм 1 навли ун Қозоғистонда - 2 900 сўм, Қирғизистонда – 3 900 сўм ва Тожикистонда - 4 300 сўмгача сотилмоқда. Шунингдек, қўшни мамлакатларда қолипли ноннинг донаси 2 200 сўмдан 4 700 сўмгача сотилмоқда.

Алоҳида қайд этиш лозимки ун ва нон маҳсулотларининг нархлари эркинлаштирилиши бу ҳамма нарса ўзи бўларчиликга ташлаб қўйилади дегани эмас. Энди ушбу маҳсулотларнинг бозор нархига, давлат бозор иштирокчиси сифатида таъсирини ўтказади. Яъни, бозордаги нарх ошиб кетмаслиги учун биржа савдоларига қўйиладиган ун ҳажми, яъни давлат ресурсларига сотиб олинган буғдойдан ишлаб чиқарилган ва савдога қўйиладиган ун ҳажми талабни қондирадиган даражагача оширилади. Шу билан биргаликда бозордаги айрим истеъмолчиларнинг ёки “ноҳалол тадбиркорларнинг” нархни сунъий равишда оширишга бўлган ҳаракатлари ўрганиб борилади. Нархни сунъий равишда оширишга бўлган ҳаракатлар аниқланган ҳолда ушбу ҳаракатларнинг олдини олиш учун биржа савдоларига яна қўшимча ун ҳажмлари қўйилади ва ун нархининг сунъий ошиши олди олинади.

Шунингдек қарор билан ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа барча ғаллани барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ биржа савдолари орқали сотиш жорий этиилмоқда.

Бундан ташқари аҳолини қолипли нон билан таъминлашда узилишлар юзага келишининг олдини олиш, қолипли нон ишлаб чиқарувчиларнинг эркин бозор муносабатларига мослашув даврида молиявий қийинчиликларга дуч келиб қолишлари олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1 декабрига қадар ёки ўтиш даврида қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга биржа савдоларида сотиб олинган ун учун олдиндан тўлов миқдори 30 фоиз миқдорида белгиланиб, якуний ҳисоб-китобни 10 кун ичида амалга оширишга рухсат берилмоқда.

Истеъмолчилар биржа савдоларига қўйиладиган ун маҳсулоти бўйича тўлиқ ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда ун нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида қарор билан “Ўздонмаҳсулот” компанияси тизими корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган ҳамда савдога чиқариладиган ун ҳажмлари бўйича корхоналар ва унни сотиш саналари (кунлар) кесимидаги маълумотлар Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси веб-сайтига жойлаштирилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари қарор билан бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб барча истеъмолчиларнинг талабларини тўлиқ қондириш ва шу орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида зарур ҳолларда биржа савдоларига қўшимча ун ҳажмларини чиқариш масаласини ҳам белгилаб берилди.

Қайд этилганлар билан биргаликда уннинг биржа нархи асоссиз ошиб кетиши олдини олиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси билан биргаликда биржа савдоларида истеъмолчиларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда бир харидор томонидан сотиб олинадиган маҳсулотнинг максимал миқдорини белгилаб берилади ва зарур ҳолларда ушбу миқдор ўзгартириб борилади. Яъни, бозорда нарх сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида маълум бир харидор томонидан савдога қўйилган уннинг барчасини сотиб олишга йўл қўйилмайди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки мазкур қарорнинг қабул қилиниши давлатнинг, бюджетнинг даромадлари ошишига эмас, аксинча, харажатларининг ошишига олиб келади.

Хусусан, қарор билан ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ун ишлаб чиқаришга бериладиган бир тонна буғдойнинг улгуржи нархи 1 млн. 300 минг сўм миқдорида белгиланмоқда. Яъни, буғдойнинг ўртача харид нархи 1 млн. 420 минг сўмлигини ҳисобга олсак ҳар бир тонна буғдойнинг нархидан 120 минг сўми давлат томонидан қоплаб берилади.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки жорий йил июль ойидан бошлаб 15 октябргача бир тоннаси 1 млн. 400 минг сўмдан сотилган ун ишлаб чиқариш учун сарфланган 521 минг тонна буғдойнинг 1 420 минг сўмлик ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 349 млрд. сўмдан ортиқ салбий фарқ давлат томонидан қоплаб берилади. Бундан ташқари
2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг бир тоннаси 1,3 млн. сўмдан ун ишлаб чиқаришга берилишини ҳисобга олсак прогноз кўрсаткичлардан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинганда ўртача харид нархи ва улгуржи нарх ўртасидаги салбий фарқни қоплашга яна 180 млрд. сўм маблағ давлат томонидан ажратилиши керак.

Давлат харажатларининг ошишига олиб келувчи кейинги сабаб ун ва нон маҳсулотлари нархлари эркинлаштирилиши натижасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг юзага келадиган қўшимча харажатларини қоплашга бериладиган пул компенсацияси миқдорининг оширилишидир.

Жумладан, қарор билан ёшга доир пенсия, ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчиларга ҳамда икки ёшгача бўлган бола парвариши учун тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 22,3 минг сўмдан 50 минг сўмга оширилди.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, пул компенсацияси олувчиларининг амалдаги 9 тоифасига қўшимча равишда 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақа олувчи оилалар ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар киритилиб, уларга ҳам 2019 йил
1 октябрдан бошлаб 50 минг сўм миқдoрида ҳар oйлик пул компенсацияси бериш жорий этилди.
 
Мазкур қарор билан компенсация тўловлари миқдори жорий йил
1 октябридан оширилиши муносабати билан ёшга доир пенсия, ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчиларга пул компенсациялари миқдори октябрь ойи учун Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида автоматик тарзда қайта ҳисобланади ҳамда оширилган миқдорлар фарқи бўйича пул компенсацияси қўшимча тўлов ведомостлари тузилган ҳолда тижорат банклари ва Халқ банки филиаллари томонидан октябрь ойида тўлаб берилади.

Яъни, октябрь ойи учун 22 300 сўм тўлов ведомостларига киритилган бўлса, жорий ой учун қўшимча равишда 27 700 сўм, жами 50 000 сўм (22 300+27 700=50 000) тўланади. Шунингдек, ноябрь ойидан бошлаб, ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўловлари амалга оширилиб борилади.

Ўз-ўзини бошқариш органлари томонидан тайинланган бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар ҳар ойлик пул компенсацияси октябрь ойи учун қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ноябрь ойида тўланиши таъминланади.

Яъни, октябрь ойида 22 300 сўм тўланади ҳамда октябрь ойи учун
27 700 сўмлик фарқ ноябрь ойи компенсациясига қўшиб, жами 77 700 сўм (50 000+27 700=77 700) тўланади. Декабрь ойидан бошлаб эса ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўловлари амалга оширилади.

Компенсация олувчилар тоифасига 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа олувчилар ҳамда энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар ҳам киритилаётганлиги сабабли ушбу тоифадагиларга октябрь ойида тўланиши керак бўлган пул-компенсацияси ноябрь ойи пул компенсациясига қўшиб тўлаб берилади.

Яъни, октябрь ойи учун ҳисобланган 50 000 сўм компенсация ноябрь ойига қўшилиб, жами 100 000 сўм (50 000+50 000=100 000) тўланади. Декабрь ойидан бошлаб эса ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўлаб борилади.

Жорий йил 1 октябригача 22 300 сўмдан пул компенсацияси олувчилар 1 674 945 нафарни ташкил этган бўлса мазкур қарор билан компенсация олувчиларнинг яна икки тоифаси қўшилиши сабабли октябрь ойидан бошлаб, республика бўйича 2 млн. нафардан ошиқ пенсия, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга компенсациялар тўланади. Компенсацияларни тайинлаш ёки миқдорларини қайта ҳисоблаш (ошириш) учун фуқаролар томонидан қўшимча ҳужжат ёки аризалар талаб этилмайди.

Компенсация тўлови миқдорининг оширилиши ҳамда пул-компенсацияси олувчиларга янги тоифадаги аҳоли қўшилиши муносабати билан юзага келадиган барча қўшимча харажатлар тўлиғича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилади. Умуман олганда ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан давлат бюджетининг йиллик харажатлари амалдаги 448 млрд. сўмдан 1 трлн. 393 млрд. сўмгача ёки
945 млрд. сўмга ортмоқда.
 
Қарор билан белгиланган яна бир муҳим масала бу ғаллага давлат томонидан харид нархи белгилаш амалиётига чек қўйиш бўлмоқда. Хусусан қарор билан Қишлоқ хўжалиги ва Молия вазирликларига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ривожланган давлатлар тажрибасини таҳлил қилган ҳолда
2021 йил ҳосилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган ғаллани бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланган эркин нархларда сотиш тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.

Умуман олганда мазкур қарор билан белгиланган вазифалар мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг яна бир босқичини амалга оширишга, ғалла ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосилнинг ошишига бунинг натижасида фермер хўжаликларининг молиявий мустаҳкамлиги ошишига, мамлакатимизнинг ғалла мустақиллигини янада мустаҳкамлашга ва умуман халқимиз дастурхонининг тўкин сочин бўлишига хизмат қилади.

 

Манба: ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+