Ўзбекистон саноат сиёсатида ўзгариш юз беради

19.09.2019 14:09:42

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар мақсадларидан муҳимлари қаторида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, янги иш ўринларини кўпайтириш ва юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш масалаларига асосий эътибор қаратилганди.

Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида етакчи ўрин тутадиган саноат соҳасини унга хом ашё етказиб берувчи соҳалар билан узвий иқтисодий ҳамда манфаатлар тамойиллари жиҳатлари билан ўзаро боғлиқлигини орттириш муҳим ўрин тутади.

Қайд этишимиз лозим, Президентнинг жорий йил 24 августдаги қарорида саноат ишлаб чиқаришида маҳаллийлаштириш даражасини орттиришда мамлакатда кооперация муносабаатларини ривожлантириш муҳим ўрин тутишини таъкидлаган ҳолда муҳтарам Президентимиз томонидан йирик саноат корхоналари билан ўзаро ҳамкорликда кооперация тартибида фаолият юритадиган кичик саноат корхоналарини ривожлантириш юзасидан топшириқлар тегишли масъулларга берилган эди.

Мамлакатимиз Президенти раислигида 17 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланди, тааллуқли топшириқларнинг ижроси таҳлил қилинди.

Тармоқлар ва йирик корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб баҳоланди.

Шунингдек, тайёр ер майдонлари, бинолар ва инфратузилмага эга бўлган кичик саноат зоналари бу борада катта имкониятга эга бўлсада, фаолият юритаётган 156 нафар кичик саноат зоналардаги лойиҳаларнинг атиги 13 фоизи маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилганлиги, 80 та шаҳар ва туманда эса бирорта ҳам мазкур турдаги ҳудуд ташкил қилинмаганлиги танқид қилинди.

Импорт қилинаётган технологик ускуналардан самарасиз  фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги, бунга эса ер ажратиш, қурилишга рухсат бериш, коммуникация тармоқларига уланиш каби масалалар тўсиқ бўлаётганлигига эътибор қаратилди.

Чуқур таҳлилларга таянган ҳолда ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кескин кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. 

Давлат раҳбари ускуналар харид қилган тадбиркорлар муаммоларини тезда ҳал этиш, режалаштирилган корхоналарнинг ишлаб кетишига кўмаклашиш бўйича қатъий топшириқлар берди. Бизнес-омбудсманга импорт қилинган технологик жиҳозларни ишга туширишгача бўлган барча жараённи туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида мувофиқлаштириш тавсия этилди.

Давлат раҳбари томонидан йиғилишда мамлакатимизда саноат сиёсатининг асосий йўналиши – экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратиш деб белгиланди.  Ушбу сиёсатнинг асосий негизи этиб мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш деб топилди.

Хусусан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда етакчи бўлган йирик лойиҳаларни ўз муддатида амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 

Жумладан, «Навоий азот» негизида 100 минг тонна поливинилхлорид, Тошкент металлургия заводида 500 минг тонна металл прокати, Шўртан газ-кимё мажмуасида 744 минг тонна дизель ёқилғиси, Тошкент механика заводида маиший техника ишлаб чиқариш кластери, «Кварц», «Сирдарё Гласс» ва «Зарафшон ойна» корхоналарида ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари йилига 2,5 миллиард доллар миқдорида маҳаллийлашган маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бериши, бундан ташқари, уларнинг атрофида бошқа кичик ишлаб чиқаришлар ҳам ривожланиши ва янги иш ўринлари яратилиши имконияти вужудга келиши ҳақида тушунтириш ҳамда уларни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилар экан, бундай лойиҳаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик бериш ва кредит фоиз ставкасини қисман қоплаш тизимидан самарали фойдаланиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, божхона тўловларини 120 кунгача узайтириб тўлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирган корхоналарнинг тайёр маҳсулотларини сертификатлаш ва стандартлаштириш масалаларида кўмаклашиш мумкинлиги қайд этилди.  

Давлат харидларида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва рағбатлантириш, ташқи савдони тариф усули билан бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам устувор вазифалар белгиланди. 

Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари

қўмитаси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+