Ўзбекистон ядросиз минтақа бўлиб қолади!

27.12.2019 15:12:51

 

 

Мустақилликка эришиш арафасида ва истиқлолимизнинг дастлабки кезларида бутун мамлакатни ижтимоий муаммолар қамраб олгани, таъминотдаги узилишлар, собиқ марказдан келаётган таҳдидлар жамиятдаги тангликни янада жиддийлаштиргани, бунинг устига, ўз умрини яшаб бўлган сохта тузум тарафдорларининг турли фитна-найранглари, узоқ-яқиндан келаётган хуружлар кўпчиликнинг ёдида, албатта. Аҳволни ўнглаш, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, одамларнинг истиқлолимизга бўлган ишончини сусайтирмаслик учун кескин, аммо пишиқ-пухта, халқимиз манфаатларига ҳар жиҳатдан мос чоралар кўриш, адолатли қарорлар қабул қилиш, бунинг учун эса бутун масъулиятни зиммага олиш зарур бўлди. Не бахтки, биз бу оғир синовдан, тарихий бурилиш палласидаги ҳаёт-мамот имтиҳонидан омон-эсон ўтдик.

Биринчидан, ўзининг миллий-давлат манфаатлари устун бўлгани ҳолда ўзаро манфаатларни ҳар томонлама ҳисобга олиш. Бизнинг мустақил давлатимиз бирон-бир буюк давлатнинг таъсир доирасига тушиб қолиш ниятида эмас. Ўзбекистон яна кимгадир бўйсуниш учун мустақил бўлгани йўқ.

Иккинчидан, республика одамлар ва давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда умумбашарий қадриятларни устун қўйиб, халқаро майдонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун, можароларни тинч йўл билан ҳал этиш учун курашади. Ўзбекистон ядросиз минтақа бўлиб қолади, тажовузкор ҳарбий блоклар ва уюшмаларга кириш нияти йўқ. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги, ҳужум қилмаслик ҳақидаги, низоли масалаларни ҳал этишда куч ишлатишдан ва куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан воз кечиш тўғрисидаги Халқаро ҳужжатларни тан олади ва уларга оғишмай риоя қилади.

 Учинчидан, республиканинг ташқи сиёсати тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидалари асосида қурилади.   

Тўртинчидан, мафкуравий қарашлардан қатъи назар ташқи сиёсатда очиқ-ойдинлик принципини рўёбга чиқаришга ва барча тинчликсевар давлатлар билан кенг ташқи алоқаларни ўрнатишга интилади.

Бешинчидан, ўзининг миллий-ҳуқуқий тизимини вужудга келтираётган ёш мустақил Ўзбекистон ички миллий қонунларидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлигини тан олади. Бизнинг мустақил давлатимиз ўз қиёфасини йўқотмай, жаҳон ҳамжамиятига кирар экан, халқаро талабларга риоя қилишга тайёрдир.

Олтинчидан, Ўзбекистон тўла ишонч принциплари асосида ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ташқи алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш учун, халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ҳаракат қилади. 

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда юқорида айтиб ўтилган принципларга қатъий риоя қилади, уларни бойитиб ва кенгайтириб бориб, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий йўналишларини қатъият ва изчиллик билан турмушга татбиқ этади.

Ўзбекистоннинг ғоят хилма-хил давлат, тарихий, иқтисодий, маданий, миллий ва диний анъаналари, манфаатлари дипломатиямизнинг устувор йўналишларини танлаб олишга таъсир ўтказмоқда.

Бугунги кунда республикамизда фаол «халқ дипломатияси» асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатлар йўлга қўйилмоқда. Хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўз фаолиятини Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва этник диаспораларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш тамойилларига асосан фаолият олиб бориляпти. Республикамизда 138 та миллий маданий марказлар, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек 34 та дўстлик жамиятлари мувафаққиятли фаолият юритиб келмоқда.

Инсон ҳамиша яхши кунларни орзу қилади, роҳат-фароғатда умргузаронлик қилишни ўйлайди, у бунга ҳақли, албатта. Аммо бунга эришиш кўп жиҳатдан унинг ўзига, меҳнатига, изланишига, бурч ва масъулиятини нечоғли англашига боғлиқ. Бугун ишонч билан айта оламизки, мустақиллик йилларида одамларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий маданияти, хабардорлик даражаси ошди, дунёқарашида, фикрлаш тарзида муҳим ўзгаришлар юз берди.

Ўтган давр мобайнида халқимиз ҳаётда кўп нарсаларни кўрди, эврилишу буҳронларнинг шоҳиди бўлди. Лекин бугунгидай даврни, юртнинг юксалаётгани-ю эл турмуши фаровонлашиб, ёрқин истиқбол сари алп одимлар ташланаётганига шоҳид бўлиш шу пайтгача ҳеч кимга насиб қилмаган эди, шукрки, бунга гувоҳ бўлиш бизнинг маҳримизга тушди.

Елена КОМПОЛЬШИК,

57-Суғдиёна сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+