Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсатининг тенденцияларини дунё оммасига кўрсатган форум

14.08.2020 18:08:51

Албатта, юртимизнинг асосий кучи ёшлар саналади. Бугунги замонавий технологиялар асосида қурилаётган жамиятнинг таянчи интеллектуал ва ташаббускор ёшлар зарур. Зеро аҳолининг олтмиш фоиздан зиёди ёшларни ташкил этадиган Ўзбекистонда уларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, Самарқанддаги Ёшлар форумини ўтказиш Президентимиз ташаббусларини рўёбга чиқаришда халқаро даражадаги муҳим қадамдир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуслари доирасида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқоро Конвенция лойиҳаси бугун ушбу форумда қизғин муҳокамадан ўтказилди.

Форум қатнашчилари томонидан ушбу тадбир мамлакатимиз ёшлари учун катта имконият эшикларини очиб бериши ва давлатимизни халқаро майдондаги имижи, нуфузи ва мавқеини янада оширишга хизмат қилишини эътироф этилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги  Конвенция лойиҳасини кенг моҳокамадан ўтказилиши энг аввало ҳужжатни ҳар томонлама пишиқ ва маромига етказилишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро форумда халқаро доирадаги ташкилот вакилларининг қатнашиши ва лойиҳа бўйича ўз муносабатларини билдириши келгусида мазкур ҳужжат нафақат Ўзбекистон ёшлари балки, дунё ҳамжамияти ўртасида ҳам муҳим ҳужжат сифатида хизмат қилишига умид билдирилмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, ёшлар – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучи сифатида муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда юзага келаётган кўплаб муаммолар, хавфсизликка таҳдид, терроризм ва экстремизм, иқлим ўзгаришлари ҳамда COVID 19 пандемияси шароитида халқаро институтлар билан ҳамкорликни амалга ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этилишида ёшларни кенг жалб қилиш талаб этилаётганлиги мазкур форумда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, мазкур конвенция янги ва ўта муҳим ҳужжат сифатида ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқларини ўзида акс эттиради. Шунингдек ёшларни эзгу ғоялар йўлида бир мақсад ила бирлашишига, бутун куч ва салоҳиятини тараққий эттирган ҳолда кучли демократик давлат қуришда муҳим аҳамият касб этади.

Зеро форумга Президентимиз мурожаатномасида “Келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янгидан янги ғоялари ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни  амалга оширадиган беқиёс кучдир” – дея эътироф этилгани ҳам бежизга эмас.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, 12-13 август кунлари Самарқандда ўтказилган Ёшлар форуми Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсатининг тенденциялари ва натижаларини бутун дунё оммасига кўрсатиб бера олди деб, айта оламиз.

 

Дилноза МИРЗАМАҲМУДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Марказий аппарати бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+