Озод, фаол, бирдам халқ – ҳамиша ғолиб

29.08.2020 10:08:12

 

Ҳар йили катта тантаналар, шукроналик билан ўтказиладиган Мустақиллик байрамимиз коронавирус пандемияси сабаб бошқача руҳда кутиб олмоқдамиз. Аслида, 2020 йил бутун дунё тарихидан алоҳида жой эгаллайдиган бўлди. Касаллик туфайли бутун дунё аҳолисининг турмуш тарзи ўзгариб кетди. Шу билан биргаликда кўп нарсаларнинг моҳияти, мазмуни ҳам ўзгаргани бор гап.

Ушбу вирус мамлакатлар иқтисодий, тиббий ва бошқа масалалар бўйича бор имкониятини кўрсатиб берди. Шу билан бирга ҳукуматлар ва давлат раҳбарларининг ушбу кўринмас душманга қарши курашда қабул қилган қарорлари, унинг натижасида юзага келувчи оқибатлари кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.

Ўзи шу каби мураккаб вазиятларда давлатлар мустақиллиги, халқ, ҳукумат ва парламент бирдамлиги қай даражада эканлиги яққол намоён бўлади. Зеро, ўзини мустақил деб ҳисоблаган ҳар қандай мамлакат аҳоли, фуқаролар манфаатини ҳимоя қила олиши лозим. Жорий йилги пандемия шароитида Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ҳам ичкаридаги ва ташқаридаги фуқароларини асрай олиш салоҳияти мавжуд эканлигини кўрсатиб берди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатлараро қатновлар тўхтатилган бир шароитда 60 мингга яқин фуқароларимизнинг чартер рейслар орқали олиб келиниши ва уларнинг соғлиғи тўғрисида қайғурилаётганининг ўзиёқ кўп нарсадан дарак беради. Шу билан 40 мингга яқин касалланган ҳар бир беморнинг даволаш, дори-дармон, овқатланиш харажатларининг барчасини давлатимиз томонидан қоплаб берилаётгани “Бу юртда инсон ва унинг манфаатлари азиз” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъбир жоиз бўлса, мазкур вазият ҳар бир мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини имтихондан ўтказди. Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида тўрт йил олдин бошланган ислоҳотлар бугун нақадар долзарб ва ўз вақтида амалга оширилганини гувоҳи бўлаяпмиз.

Мисол учун, соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан йўналтирилаётган маблағлар йилдан йилга ошиб бормоқда. 2016 йилда бу сумма 5,449 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 2 баравар ортиқ маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, дори воситаларига ажратилган маблағлар ҳам ошиб бормоқда. Мисол учун, сўнгги 3 йил давомида тез тиббий ёрдамдан фойдалангалик кесимида дориларга ажратилган сумма 482 сўмдан 5800 сўмгача кўпайган, ҚВПда бир беморни қабул қилиш кесимида 1825 сўмдан  3700 сўмгача, кўп тармоқли поликлиникадаги қабул учун эса 1654 сўмдан 4800 сўмгача оширилган. Дарҳақиқат, ушбу ўзгаришлар бугунгидек, синовли кунларда ўз ҳосилини бермоқда. Зеро, иқтисодиёти бақувват, манаман деган давлатлар ҳам касалланганларга, карантиндагиларга жой, озиқ-овқат тополмай қолганини кўрганда, давлатимиз ва унинг раҳбарияти фуқаролар учун қилган сайъи-ҳаракатларининг қадри янада ёрқинроқ намоён бўлади.

Умуман олганда, жорий йилда қабул қилинган барча норматив-ҳужжатлар, ўтказилган йиғилишлар “Инсон манфаатлари энг олий қадрият” ғояси асосида шакллантирилаётганини кўришимиз мумкин. Буни “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатининг ташкил этилгани ва унинг кенг қамровли фаолиятида, тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар, аҳолимизга кредит таътиллари берилганида гувоҳи бўлишимиз мумкин. Албатта, бу каби кулфатларга қарши курашда бирлаша олиш кўп нарсани англатади. Халқимиз ҳам карантин қонун-қоидаларига амал қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш орқали ягона кучга айланди.

Ўз навбатида, вакиллик органлари – парламент аъзолари ва жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатларимиз ҳам пандемия бошланган март ойидан ҳозирги кунга тўхтовсиз ўз фаолиятларини олиб боришди.

Хусусан, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти билан бирга жойларда коронавирусни даволаш муассасаларида, карантин ҳудудларида яратилган шароитлар, санитария-осойишталик қоидаларига амал қилиш, бозорлар, дорихоналардаги нарх-наволар ҳолати каби масалаларни мунтазам ўрганиб боришди.

Шу билан бирга маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудуднинг пандемияга қарши курашишда кўраётган чоралари, карантин қонун-қоидаларини юмшатиш ёки қатъийлаштириш масаласини мунтазам муҳокама қилиб боришди.

Ушбу жараёнларда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолияти ҳам сезиларли равишда жонланганини кузатдик. Халқ вакили номига сазовор бўлган вакилларимиз “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатининг фаол иштирокчисига айланди. Халқимиз ишончига муносиб бўлиш йўлида муҳтожларга ёрдам берган, кўплаб оилаларни оталиққа олган, иш билан банд этган депутатларни ҳар бир ҳудудда учратишимиз мумкин.

Албатта, ҳукумат, халқ, парламентнинг биргаликдаги ҳаракати натижасида касалланиш кўрсаткичи камайиб, соғайиши кўрсаткичи  90 фоиздан ошган ҳолда, вазият кундан кунга яхшиланиб бормоқда. Бу ҳукумат томонидан кўрилган чоралар нақадар тўғрилигини ҳамда халқимизни борган сари пандемия шароитида ишлаш ва яшашга етарли кўникма ҳосил қилаётганини кўрсатади.

Афсуски, жорий йилда энг улуғ, энг азиз байрам юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёмини ҳар йилгидек байрам томошалари, сайиллар шаклида ўтказа олмаяпмиз. Аммо бу ҳолат байрам шукуҳини, қадрини заррача пасайтира олмайди. Ушбу байрам ҳар бир фуқароимизнинг қалбидан жой олган. Шу боисдан Президентимизнинг ушбу улуғ санани оила даврасида, уйда нишонлаш бўйича таклифини халқимиз тўғри қабул қилди. Зеро коронавирус ҳар биримиз учун энг муҳими ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғи эканлигини исботлаб берди. Вазиятни тўғри англаган юртдошларимиз, Наврўз, Рамазон ва Қурбон Ҳайитлари, “Хотира ва қадрлаш куни” каби умумхалқ байрамларини карантин қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказди. Шунинг учун халқимиз ушбу айёмни ҳам белгиланган тартиб қоидалар асосида ўтказишга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Мустақиллик фуқароларимизга озодликни тақдим этган бўлса, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар халқимизнинг фаоллигини оширди, коронавирус пандемияси эса бизга бирдамликни ўргатди. Бежизга, жонажон Ватанимиз қудрат манбаи, саодат масканига айланмаяпти. Эндиликда кўринар-кўринмас ёвлар бизни ортга чекинишга, тўхташга мажбур қила олмайди. Зеро, озод, келажагини ўзи қуришни истовчи, фаол ва бирдам халқ кўзлаган, ният қилган ҳар қандай чўққини забт эта олади.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП Сиёсий
Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+