Озод юртимиз катта тўй олдида

24.12.2020 12:12:07

Келгуси йил Ўзбекистон ҳаётида катта воқелик-давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланади. Бу тантана ҳар бир фуқаро учун унутилмас ва бетакрор бўлиши шубҳасиз. Чунки мустақиллик туфайли асрлар давомида ушалмаган орзуларимиз ушалди, Ўзбекистон ва ўзбеклар деган ном дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади.

Ўттиз йил. Бу тарих учун жуда қисқа давр бўлиши мумкин. Аммо эришилган ютуқлар салмоғи билан баҳолайдиган бўлсак биз учун асрга тенг бўлди. Ортга назар ташлайлик. Мустақилликнинг дастлабки йиллари билан бугунги кун оралиғини бир сўз билан баҳолаб бўлмайди. Янги туғилган чақлоқнинг тили баралла ўз она тилида чиқиши, оиламизда милллий тарбиянинг шакллангани, она тилимизга эга бўлишимиз, миллий армиямиз ва давлат рамзлари, барчаси катта воқелик. Мактаб остонасига қадам босган фарзандларимизга биринчи дарсда мустақилликдан сабоқ берилиши, давлат мадҳиясини она алласидек севиб ижро этишларини қандай таърифлаш мумкин. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда кўрсатиб ўтилганидек, кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди. Оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Бугун баралла “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси  реал воқеликка айланди, деб айтсак муболаға бўлмайди. Ҳар бир ҳаракатимиз янги марралар сари бошлаяпти. Сира иккиламай катта майдон сари қадам босяпмиз. Қандай ютуққа эришсак унинг натижаси Ўзбекистонга, шу мустақил юртга хизмат қилади. Бу ҳар биримизга куч бермоқда.

Илгарлари барчамизда бир иш қилиш аввалида иккиланиш бўларди. Натижаси ҳам у қадар қизиқтирмас эди. Бугун бутунлай бошқача. Босган қадамимиз ортида Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлат турибди. Яна мақсад сари ишонч билан бориш имконияти яратилди, режаларимиз рўёга айланмоқда.  

Эркин нафас олишни ким қандай тушунади? Шахсан мен буни тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртда яшаш, оиладаги хотиржамлик ва бахт, фарзандлар кўзидаги қувонч, ўзинг севган касбни танлаш ва инсон омилига бўлган эътибор деб биламан. Яна дастурхон тўкинлиги-ю ҳар тонг кексаларимизни  дуода эканлигига нима етсин. Буларнинг барчасига биз ўттиз йил давомида эришдик. Демакки, эркин нафас оляпмиз. 

Эндиликда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” тушунчалари биз учун янгилик эмас. Энг чекка ҳудудлар ҳам шаҳар билан бўйлашиб, ҳар томонлама ривожланмоқда. Замонавий архитектура талаблари асосида қурилган биноларни кўрганда қувонмай бўладими. Олис тоғлар орасидаги қишлоқда вояга етган ўғил-қизларимиз энг ривожланган давлатлардаги олий ўқув юртларининг талабалари билан билим борасида бўйлашаётгани бунинг натижаси эмасми.

Ўттиз ёшда инсон  қанчалик кучга тўлиб олдинга қараб ҳаракатланишини кўз олдингизга келтиринг. Ўзбекистон бугун ана шундай буюк келажак остонасида турибди. Унинг эртаси янада порлоқ бўлиши шубҳасиз. Бу йўлда барчамиз биргаликда борайлик.

 

                            Турсунбой НАБИЕВ,

                  Ўзбекистон “Адолат” СДП Олтинкўл 

туман кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+