Пандемия даврида яшашни ва меҳнат қилишни ўрганишимиз лозим

27.07.2020 14:07:50

Инсон борки ривожланиш, такомиллашиш, янгиланиш даврини бошдан кечиради. Яxши яшашга, муносиб шароитларни яратишга бўлган интилиш дунёни соат миллари каби ҳаракатга солиб туради. Бу йўлда эса ютуқлар билан бирга тўсиқлар, муаммолар, қийинчиликлар бўлиши шубҳасиз. Бугун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган, дунё сиёсати ва иқтисодиётини издан чиқариб юбораётган xавф бизни ҳам четлаб ўтмади. Инсон саломатлиги шу қадар муҳимки, ҳаётдаги барча муносабатлар соғлик занжири узилганида тўxтайди. Айтмоқчиманки, саломатлик — инсон учун бебаҳо бойлик. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳозирги мураккаб вазиятда ҳар биримизга далда бўлиб, ўзимиз ва ўзгалар соғлиғига масъулиятни янада кучайтиришни тақозо этади. “Бу вазиятда нима қилиш лозим?”, “Ишни қандай тартибга солиш керак?”, — деган саволлар туғилиши табиий.

Шу маънода, Президентимиз томонидан пандемияга қарши курашиш борасида юритилаётган оқилона сиёсат бугунги эпидемиологик мураккаб вазиятда нафақат халқимизнинг саломатлигини муҳофазалаш, балки, бутун сайёрамизда ҳаёт давомийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Дунёда коронавирус бўйича вазият мураккаблашган илк кунлардаёқ, юртимизга касалликнинг кириб келиши ва тарқалишига қарши кескин чора-тадбирлар кўрилди. Инфекция юртимизда қайд этилиши билан чора-тадбирлар янада кучайтирилди. Аҳолини бу касалликдан ҳимоялаш мақсадида барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда бу таҳдидга қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Бу борада долзарб аҳамиятга эга бўлган бир нечта муҳим қарорлар қабул қилинди. Дунёни ларзага солаётган коронавирус пандемиясининг аввало инсонлар ҳаётига жиддий таъсир қилаётгани, қолаверса, бепарволикка берилиб, ижтимоий, иқтисодий, умуман, турмуш тарзимизга салбий оқибатларидан ташвишланган ҳолда Юртбошимиз томонидан бир неча бор халқимизга мурожаат қилинди.

Лекин шунга қарамасдан, бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга фуқароларимиз томонидан  бепарво ва енгил қаралаётганлиги боис касалланиш ҳолати ортиб бормоқда.

Бугун коронавирус пандемиясининг қачон тугаши, унга қарши вакцина яратилишига ҳеч ким аниқ жавоб топгани йўқ. Шу боис, ҳар бир давлат унинг олдини олиш, жиловлаш учун курашмоқда. Жорий йилнинг март ойи ўртасида бошланган ушбу касаллик, мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган қатъий чоралар, соғлиқни сақлаш тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли нисбатан қисқа, қарийб уч ойлик даврда жиловланиб, касалланиш кўлами, даволаш самарадорлиги ва ўлим ҳолатининг паст кўрсаткичлари бўйича халқаро миқёсда ижобий баҳоланган эди.

Минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтлар бепарволикка берилганимиз, карантин қоидаларига амал қилмаганмиз оқибатида касалланганлар сони кўпайиб бормоқда. Шундай экан, бутун дунёда ҳеч ким пандемия яна қанча давом этишини билмаяпти. Шу сабабли, қанчалик қийин бўлмасин, халқимиз билан бирга пандемия шароитида, барча талабларга амал қилган ҳолда, ишлаш ва яшашга ўрганишимиз керак.

Covid-19 пандемияси тарқалишини кузатаётган кўпчилик таҳлилчилар коронавирус эрта ё кеч Ер куррасидаги аҳолининг сезиларли қисмига юқади, демоқда. Ҳатто инфекция ўрнашиб оддий грипп каби мавсумий бўлиб қолади, деган тахминлар ҳам бор.

Уни юқтириш фақат вақтга боғлиқ бўлса, ундан қочиш ҳақида эмас, балки у билан учрашишга тайёргарлик ҳақида ўйлаш керак. Душманингни яқиндан бил, дейишади-ку.

Юртбошимизнинг “Ишончим комил, ҳар бир ишни етти марта ўйлаб, чидам ва матонат билан амалга ошириб келган эл-юртимиз бугунги синовлардан муносиб ўтиб, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади” деган сўзлари барчамизга бирдек далда бўлади.

Энг муҳими, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Ҳаёт давом этмоқда ва у биздан сабр-тоқат ва мустаҳкам интизом билан оқилона ҳаракат қилишимизни талаб этади. Аминманки, бу синов ва қийинчиликларни, албатта, енгиб ўтамиз!

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+