Партия фаоллари ҳашарга ҳам вақт ажратмоқда

21.10.2019 13:10:41

Шу кунларда бободеҳқонларимиз минг машаққат билан етиштирган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мақсадида бор имкониятларини ишга солмоқда.

 “Оқ олтин”нинг бир донасини ҳам увол қилмасдан, кузнинг ёғин-сочинли кунларига қолмасдан йиғиштириб олиш қизғин паллага кирган бир вақтда, пахта хирмонига ўз ҳиссасини қўшишга  бўлган иштиёқ “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши фаолларини ҳам тинч қўймади. Бу иштиёқ уларни Пастдарғом туманидаги пахта далалари томон чорлади.

Бугун эрта тонгдан партия вилоят Кенгаши ходимлари, туман ва шаҳар Кенгаш раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари “Чандир” МФЙдаги “Шаҳбоз Жамшид” фермер хўжалиги даласида пахта теримида ҳашарда. Айни вақтларда партия фаоллари далада меҳнат қилаётган теримчилар билан бир сафда бўлиб, вилоятнинг пахта топшириш шартномавий режасини биринчилардан бўлиб бажаришига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Фируз Тураев, “Мираж Транс МЧЖ” қошида ташкил этилган БПТ раиси:

 – Вилоят партия кенгашидан миннатдорман, сабаби, кундалик юмушлар билан бўлиб пахта даласига киришга вақт топа олмасдик, бугун ўзим раҳбарлик қилаётган бошланғич партия ташкилоти ходимлари ҳам шу ерда, барча партиядошлар биргаликда пахта хирмонига ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Аслини олганда бу пахта терими биз учун ҳужжатчилик ишларидан чалғиш, ўзига хос дам олишга ўхшайди. Аҳамиятлиси, “ҳам зиёрат, ҳам тижорат” деганларидек, партиядошлар биргаликда суҳбатлашиб, сайлов кампаниясида фаол иштирок этиш учун олдимизда турган устувор вазифалар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида фикр ва мулоҳазалар алмашиб олишга ҳам улгурдик.

Жамшид Хубдиев, “Шахбоз Жамшид” фермер хўжалиги раиси:

- “Адолат” партияси фаоллари пахта хирмонимизга ҳисса қўшгани кўнгиллилар сафида ташриф буюрганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Партиянинг ташрифи нафақат менга, балки пахта теримида кўмаклашиб келаётган шу ерлик аҳолига ҳам куч-ғайрат улашди, партия фаолларига миннатдорчилигимни билдираман. Албатта, турмуш ўртоғим бир вақтлар фермер хўжалиги раиси бўлганликлари учун ҳам фермернинг ишини, машаққатларини тушунаман, эрта саҳардан қора кечгача қуёш тиғида бўладими, совуқ изғириндами ишлари кутиб турмайди. Ўз вақтида бажарилмаса, ҳосилдан умид қилиб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Фермер акамиз билан суҳбатлашар эканман, қадоқ қўлларида бир сиқим пахтани тутиб олганча, қуёшда тобланган юзидан самимий табассум, қувончни кўриб, миннатдорчилик сўзларини тинглаб, бугунги кунимиз бесамар ўтмаганига амин бўлдим.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+