Партия Сурхондарё вилоят Кенгашининг матбуот анжумани бўлиб ўтди

23.10.2020 20:10:51

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан партия ҳамда депутатлик гуруҳларининг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланган онлайн матбуот анжумани ўтказилди. Унда партия вилоят, шаҳар ва туман  Кенгаши вакиллари, депутатлар, фаол аъзолар, блогерлар, журналистлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад партия вилоят Кенгаши жорий йилдаги 9 ойи фаолияти таҳлили ҳамда  партия олдида турган устувор вазифалар ҳақида батафсил ахборот тақдим этиш ҳамда бу борада журналистларни  қизиқтирган  саволларга жавоб беришга қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев тадбирни очар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириб боришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг янги босқичида партия вакиллари ҳамда депутатлар  зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланаётганига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Йиғилиш раиси  жорий  йилдаги  амалий ҳаракатлар, партия лойиҳалари  асосида депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Унда қайд этилганидек, аҳолининг сиёсий партияга ишончи қанчалик ошиб бораётгани унинг ғоя ва мафкураси нечоғлик ҳаётийлиги, халқчиллиги ҳамда унинг ортидан сайловчиларнинг эргашиши, партия аъзолари сафининг ўсиб бориш суръатлари билан ўлчанади. Шу маънода жорий  йил 9 ойи давомида партия аъзолари сони  3150  нафарга ўсиб, умумий  36133 нафарга етди. Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари сони 431 нафарга етди. Ҳисобот даврида партия сафларидаги аёллар сони 15453  нафардан, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18450 нафардан ошганлигини кузатиш мумкин.

Партия дастурий ҳужжатларида белгиланган қатор халқчил ғоялар ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топиб бораётгани жорий йил якунлари мисолида намоён бўлди. Айтиш жоизки, бу йилги оғир синовларга қарамай, карантин даврида партиямиз фаоллари ва депутатлар томонидан кам таъминланган аҳоли қатламларига амалий кўмак беришга эътибор кучайтирилди.

Партия Сурхондарё вилоят Кенгаши аппарати, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан жами 41 та учрашув ўтказилиб, уларда 1155 нафар иштирокчи қамраб олинди.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 209 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Шундан 154 нафарини ёшлар, 36 нафарини аёллар ташкил этади. Шу билан бирга 28 нафар ёшларга кредит олишига кўмаклашилди.

Вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 863 нафарига партия депутатлари ва кўнгиллилар томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Кўрсатилган ҳомийлик жами 96 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Шу билан бирга, “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ва (шаҳар) туман Кенгашлари  депутатлари томонидан Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген офатдан жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида хайрия акциялари доирасида  фуқароларга кийим-кечаклар, 15 дан ортиқ уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқлар ва болажонлар учун ўйинчоқлардан жами 115 миллион сўмлик маҳсулотлар депутатларимиз томонидан  етказилди. Бунда айниқса, партиянинг Денов ҳамда Сариосиё туман Кенгашлари депутатлари фаоллиги таҳсинга сазовордир. 

Партия лойиҳалари доирасида маҳаллий Кенгаш сессияларига 3 та масала,  хусусан, “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида 1 та масала, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш мақсадида сессияларга  2  та масала киритилиб кенг муҳокама қилинди ва бу бўйича амалий таклифлар берилди.

Умуман олганда, ҳисобот даврида маҳаллий Кенгаш сессияларига 3 та масала ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кам киритилди.

Шу билан биргаликда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан ўтган йилнинг шу даврида 167 та депутатлик сўрови юборилган бўлса, бу йил 9 ойи мобайнида 137 та депутатлик сўрови юборилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 20 фоизга  кам ҳолатни ташкил этади.

Матбуот анжуманида партия вилоят Кенгашининг келгуси режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, ҳали қилиниши зарур ишлар кўплиги, айниқса, партия аъзолари фаоллигини ошириш, аҳолининг сиёсий қарашлари ва ижтимоий фаоллигини юксалтиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Матбуот анжумани сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+