Партия ташкилотлари фаолиятидаги камчиликлар кўрсатиб берилди

28.08.2020 12:08:03

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг навбатдаги IV Пленуми бўлиб ўтди. Бу тадбир илк бор “Zoom” дастури ёрдамида ташкил этилди. Кенгаш аъзолари, депутатлар, фаолларнинг аксарияти ўз туманларида туриб қатнашдилар.              

Пленум иштирокчилари вилоят партия Кенгаши раиси Исроил Жўраевнинг “Ўзбекистон ”Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Йўл харитасининг 2020 йил биринчи ярмидаги ижроси ва 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги устувор вазифалар тўғрисида”ги маърузасини тингладилар. Чуқур таҳлил ва кескин танқид ёрдамида фаолиятнинг барча қирралари атрофлича ёритилди. Эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга баъзи камчиликлар ҳам очиб ташланди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин талабларига риоя этган ҳолда иш олиб борилди. Асосий эътибор партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилди. Шаҳар ва туман кенгашлари томонидан ташкил этилан ишчи гуруҳлари  маҳалла фуқаролар йиғинларида ўрганишлар ўтказганда аҳоли вакилларидан 78 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 12 таси депутатлик сўровлари тайёрланишига асос бўлди. 40 та муаммо қисқа муддатда ўз жойида ижобий ечимини топди. 26 та мурожаат бўйича эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни”, “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳалари бўйича ҳам ибратли ишлар амалга оширилди. Партиядошларимиз ўтган 6 ой мобайнида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида ҳам фаол иштирок этдилар. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд 108 та оилага партия фаоллари ва депутатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилди. Март-апрель ойларининг ўзида 60 миллион сўмдан зиёд моддий ва молиявий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга партия ташкилотлари фаолиятида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Масалан, бир қатор туманларда аъзолик бадаллари йиғиш режалари уддаланмаган. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кескин яхшилаш талаб этилади. Айниқса, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари газета-журналлар, телевидение ва радио, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларини кўпайтиришлари зарур. Бу, ҳеч сўзсиз, партиямизнинг танилувчанлигини оширади. Яна бир оқсаётган соҳа мафкуравий йўналиш ҳисобланади. Бу борадаги ишлар таъсирчанлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Депуталик гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг аҳоли билан мунтазам иш олиб боришини таъминлаш зарур. Сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини қидириш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топиш учун астойдил ҳаракат қилиш даркор.          

Музокараларда сўз олган “Адолат” СДП Чортоқ тумани ҳамда Наманган шаҳар кенгашларининг раислари Ҳабибахон Мирабдуллаева ва Саидолим Абдураҳмонов, вилоят Кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, халқ депутатлари Янгиқўрғон ва Наманган туман кенгашларининг депутатлари Гулчехра Усмонова, Муҳаммаджон Зиёвиддинов ҳам бу борада қимматли мулоҳазаларни билдирдилар. Пленум Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.                                                                                  

Ўзбекистон “Адолат” СДП

      Наманган  вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+