Партия ва электорат бирдамлиги намойиши

24.10.2019 19:10:43

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан Тайлоқ туман марказий истироҳат боғида ўтказилган митинг партия  ва электорат ўртасидаги бирдамлик, яқин ҳамкорликнинг яққол ифодасига айланди. “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида ташкил этилган тадбирда партиянинг вилоят, туман кенгашлари раислари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпуслари вакиллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Митингда партия вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова жамиятда ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим ва тиббиётни янада чуқур ислоҳ этишда, оилалар учун муносиб турмуш шароитларини яратишда партия томонидан илгари сурилаётган мақсад, вазифаларнинг ҳаётий ва долзарб аҳамияти ҳақида маъруза қилди.

Хусусан, олий таълимда чинакам истеъдодларни жамлаш, фақат билим ва қобилятни рағбатлантириш мақсадида мавжуд квоталарни бекор қилиш, соғлиқни сақлаш муассасаларида “ақлли тиббиёт” ғоясини изчил амалга ошириш, дори-дармонлар сифатини назорат қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

-Туман тиббиёт бирлашмасининг қон қуйиш бўлимида шифокор бўлиб ишлайман - дейди митинг иштирокчиси Шоҳиста Турдибекова. – Партиянинг сайловолди дастури, ундаги қимматли таклифлардан хабардорман. “Адолат” СДП ғоялари жамиятнинг қон томирларига тоза ҳаёт олиб кираётганлиги, одамларнинг меҳнат ва турмушга бўлган муносабатларини яхшилик сари ўзгартираётганлигини қониқиш билан қайд этмоқчиман.

Партиянинг ёшларга кўрсатаётган эътибори, хусусан уларни  баркамол инсон қилиб  тарбиялаш борасидаги таклиф-ташаббуслари ҳақида тайлоқлик иқтидорли спортчи, Турон яккакураши бўйича жаҳон кубоги ғолиби Лочинбек Камолов ҳам митинг иштирокчиси сифатида фахр-ифтихор билан сўзлади. Унинг таъкидлашича, партиянинг туман ва вилоят Кенгашлари ташаббуслари  билан биргина Тайлоқ олимпия заҳиралари мактабида белбоғли кураш бўйича ўтказилган “Адолат” кубоги мусобақалари ўнлаб янги иқтидорларни аниқлашга ёрдам берди.

Учрашув сўнгида партия фаоллари ва хайрихоҳларига “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+