Партиядош шифокор маслаҳати: Эркакларнинг қорин қўйиши инсульт ва инфарктга олиб келади

15.05.2020 12:05:55

Аёл киши учун ташқи кўринишини бир маромда, максимал даражада ушлаш ҳар доим ҳам ўз қўлида эмас. Ҳомиладорлик, туғуруқ, эмизиш вазифалари унинг қад-қоматини ўзгартириши турган гап. Лекин эркаклар-чи? Улардаги ёқимсиз ташқи кўриниш фақат ўзларига ва соғлиқларига эътиборсизликдан келиб чиқса керак. Гап эркакларнинг қорин қўйиши ҳақида эканлигини англагандирсиз?

Эркаклардаги катта қорин патологик ҳолат ҳисобланиб, организмда ортиқча ёғ йиғилганидан даракдир. Қорин катталашган сари ёғ ҳам кўпайиб бораверади. Аввалига сезилмаган юпқа ёғ қатлами кун сайин қалинлашади. Аслида организм, айниқса эркак мижози учун танадаги ортиқча ёғ қоринда тўпланишга мойил бўлади. Ёғ фақат қоринда тўпланса майли эди, ички органларни ёғ босиб, зарарлашга ўтади. Хаддан зиёд ёғ инсулин гормони фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Натижада диабет, буқоқ, тахикардия, гипертония, простатит, инфаркт ва инсультга йўл очилади. Асаб тизими, кайфият, руҳият ва ҳаётий принципларга ҳам гард юқтирмай қолмайди.

Қандай эркакларда қорин катта бўлади?

- спиртли ичимликларга ружу қўйганлар, айниқса пивони кўп ичувчилар;

- меъёрдан кўп ва нотўғри овқатланувчилар;

- кўп вақтини машина ҳайдаб ўтказувчилар, ўтириб ишловчилар, кам ҳаракатлилар;

- моддалар алмашинуви бузилиши билан боғлиқ касалликка чалинганлар.

Ҳайдовчилар, хавф гуруҳидасиз!

Хозир машина деярли ҳаммада бор. Ишга, бозор-ўчарга машинада қатнаш бу борада хавф туғдиролмайди. Лекин умрини машинада ўтказувчи таксистлар соғлиқ ва кўринишлари борасида бош қотирсалар арзийди. Ҳайдовчи рулда шундай позада ўтирадики, унда бел ва қорин мушаклари бўшашади, тонусни йўқотади. Ҳайдовчи машинани бошқарар экан, бир хил позани ушлашга мажбур. Бу қориннинг олдинга чиқиб қолишидан ташқари ортиқча вазнга ҳам замин хозирлайди. Касбингиз узукун автомобиль бошқаришни тақозо этса, ишдан сўнг, дам олиш кунлари кўпроқ пиёда юришга ҳаракат қилинг, бирорта спорт тури билан шуғулланинг, эрталабки бадантарбияни канда қилманг.

Катта қорин – соғлиқ учун катта муаммо

Оранизмда ёғ, оқсил, сув-туз мувозанати бузилса, овқат хазм қилиш қийинлашади. Ушбу муаммога тезкор ечим изламасангиз, қорин катталашишда давом этади.

Асосан қорин қўйиш катта ёшлиларда кузатилади. Боиси ёш ўтган сари моддалар алмашинуви сустлашади, организмда ёғ барқарорлигини назорат қилувчи гормон – тестостерон миқдори камаяди. Буни ҳисобга олган ҳолда, эркаклар ёшига ёш қўшилгани сари соғлиғига эътиборли бўлиши лозим. Тестостерон нафақат эркаклик гормони, балки “ғалаба гормони” дейилишининг ҳам сири шунда. Унинг номутаносиблиги организм учун нохушлик олиб келади.

Эркакларда қорин катталашининг яна бир гормонга боғлиқ сабаби – эстрогеннинг меъёрдан кўп ишлаб чиқарилишидир. Оқибатда нафақат қорин, балки бел, кўкрак, елка, овозда ҳам ўзгаришлар юзага келади. Бу икки гормоннинг фаолияти оқсаши натижасида фарзанд кўриш ёшидаги эркак учун насл қолдириш қобилиятининг оқсаши қимматга тушади. Яна спиртли ичимликлар ҳақидаги гапга қайтамиз. Унатманг, пивода аёллар гормони – эстрогенни кучайтириш хусусияти бор.

Қорин қўйиш семизликдан кўра хатарлироқ

Баъзилар гавдали, семиз бўлса ҳам қорни бўлмайди, айримларда эса аксинча, озғин бўлишига қарамай қорин қўйишга мойил бўлади. Олимларнинг аниқлашларича, катта қорин ортиқча вазндан кўра хавфлироқ экан. Семизлик бир қанча касалликларга эшик очса, қорин қўйиш бевақт ўлимга олиб келади, дейди тадқиқотчилар. Албатта, ўлим сабаби айнан катта қоринлилик эмас, балки унинг ортидан юзага келган юрак қон-томир, асаб, ошқозон-ичак касалликлари, дея қайд этилган.

“Катта қорин – эрта ўлимга асос” ҳукмини олимлар 13 минг одам устида ўтказилган кузатувлар асосида исботлаганлар. Мазкур хулосага келиш учун Европа ва АҚШ тадқиқотчилари 14 йил давомида семизлар ва қорин қўйганларни алоҳида кузатиб борганлар. Тадқиқот йилининг ўзида икки минг нафардан ортиқ қорин қўйган эркаклар бу дунёдан кўз юмганлар.

Катта қорин ортиқча юкдир. Қорин қўйган эркаклар жисмонан кучсиз, об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан бўладилар. Улар ҳаракатланиш, кундалик юмушларни бажариш, оғир юк кўтариш, душ қабул қилишда қийналадилар. Тез чарчаш, меҳнат унумдорлигининг пасайиши юзага келади. Жисмоний меҳнат билан шуғуллансалар, дарров хориб, хансираб қоладилар. Чунки кислород алмашинувида катта қорин халақит беради. Аёллар кўкрак, эркаклар қорин орқали нафас чиқаришларини эсланг.

Хўш, қоринни йўқотиш учун нима қилиш керак?

- Аввало шифокорга кўрининг. Терапевт қабулида бўлиб, тиббий текширувлардан ўтинг.

- Тўғри овқатланинг. Ёғли, ширин, хамирли маҳсулотлар, фаст-фуд, газли ичимликлар, муздек сув, қаҳфа, таркибида ароматизатор, кимёвий қўшимчалар, ранг, консервантлар мавжуд егуликлардан воз кечинг. Таомномангизга балиқ, ёрма донлар, кўкатлар, резаворлар, мева-сабзовотларни киритинг. Овқатланишда тартиб ҳам муҳим, йўл-йўлакай, овқат пишгунча у-бу нарса тамадди қилиб олиш сизга тўғри келмайди.

- Кўп ҳаракат қилинг. Жисмоний меҳнат билан шуғулланинг. Гимнастика ва нафас машқларини мунтазам равишда бажариб туринг.

- Спиртли ичимликларга яқин йўламанг. Айниқса кечки пайт пиво ичиш кони зарар.

- Ташқи кўринишингиздан ҳижолат бўлиб, сиқилманг, тушкунликка тушманг. Ҳаммаси ўз қўлингизда эканлигига ишонинг!

Агар шунча вақтдан бери бу масалага бефарқлик билан қараётган бўлсангиз, шу соатдан эътиборан саломатлик муҳофазаси учун курашиш, соғлиқ ҳақи хушбичим бўлишга ҳаракат қилинг. Кучли жинс вакиллари бунинг уддасидан чиқишларига шубҳа йўқ.

 

Бўри МАҲМАТМУРОДОВ,

Партия фаоли, Термиз темир йўл бирлашган шифохонаси

поликлиника бўлимида врач-отореноларенголог,

Олий тоифали шифокор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+