Партиядош шифокор маслаҳати: Иммунитет девори нураб қолмасин!

26.04.2020 13:04:16

Иммунитет организмга ўрнашишга уринган инфекция, вирус, зарарли бактерия, замбуруғлар ва бегона генетик маълумотларга қарши курашиш билан шуғулланади.

Танамиздаги “шохдор дарахт”

Иммунитет бир қанча турларга бўлинади:

Туғма иммунитет – боланинг ҳомила маҳалида тўпланади, ҳар куни бўлажак она организмидан қабул қилинадиган антитаначалар ҳисобига бойиб боради.

Специфик иммунитет ­– бирор бир касаллик ортидан шаклланади. Масалан, қизилча, сувчечак, гепатит каби хасталиклар билан бир марта оғриган одам қайтиб унга чалинмаcлик кафолатини қўлга киритади.

Микробларга қарши иммунитет – организмга тушган микробларни йўқ қилишга жавобгар.

Антитоксик иммунитет – заҳарланиш эҳтимоли бўлганда ҳаракатга тушади, масалан овқатдаги зарарли моддаларни сингдирмасликка тиришади.

Табиий (орттирилган) иммунитет – бемор билан мулоқот қилганда ёки касаллик ташувчи буюмлардан фойдаланганда курашни бошлайди.

Сунъий иммунитет – эмлаш орқали пайдо қилинади.

Демак, иммунитет шохдор дарахтга ўхшайди. Иммунитети паст одамда барча турдаги иммунитет эмас, уларнинг бири оқсаётган бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳар бир аъзонинг ўз иммунитети бор. Масалан, томоқ, нафас йўлларида иммунитетнинг етарли эмаслиги тумовга замин тайёрлайди. Ёки қўлнинг микрофлораси бузилса, иммунитети ишламай қолади ва озгина ғубор ҳам касалликка етаклайди.

Иммунитет эгаллаган поғонани аниқлаймиз

Фарзандиининг тоби қочиши ҳар қандай ота-онанинг кўнглини хижил қилади, шунда “Боламнинг иммунитети пастмикин?”, деган ҳаёлга боради. Лекин доимо таҳминлари тўғри чиқавермайди. Бола касал бўлишига қарамай иммунитети жойида бўлиши мумкин. Бир йилда етти мартагача тумовга чалиниш ва тезда тузалиш иммунитетнинг меъёрда эканлигини кўрсатади, чунки иммунитетнинг фаол ҳаракатга келиши учун касал бўлиш ҳам керак. Иммунитетнинг ҳақиқатдан пастлигининг эса тез-тез касал бўлишдан ташқари аломатлари мавжуд:

  • Касал бўлганида тана ҳароратининг кўтарилмаслиги вирус ва бактерияларни хайдаб чиқарилмаётганидан дарак.
  • Боланинг ранги одатдагидан оқ, кўз тагида кўк айланмалар бўлади. Бунда иммунологдан ташқари гематологга ҳам мурожаат қилиш керак, зеро қон билан боғлиқ дардлар ҳам шундай аломат беради.
  • Лимфа безлари катталашади, қондаги лимфоцитлар миқдори меъёрда бўлмайди.
  • Киприги тўкилади.
  • Озиқ маҳсулотларга нисбатан аллергик реакция сезилади.
  • Дисбактериоз билан кечадиган қорин оғриқлари, дам бўлиши, ич қотиши ва кетиши, иштаханинг пасайиши кузатилади.
  • Вазни ёши ва бўйига номутаносиблик касб этади.

Иммун тизимида муаммо борлиги шубҳа остига олинган бола иммунограмма текширувидан ўтказилади. Ушбу теширув уч ёшдан кейин ўтказилса, аниқроқ жавоб олиш мумкинлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Агар текширувда боланинг иммунитети рисоладагидек эмаслиги тасдиқланса, иммунолог назоратида даволанади.

Дангаса иммунитет

Ҳозирда болалар иммунитетини кўтарувчи махсус дорилар ишлаб чиқарилмоқда. Лекин улар нисбатан кучли бўлгани боис шифокор тавсия этган дозалардан оширмаслик лозим. Яхшиси бола иммунитетини табиий йўллар билан оширишга ҳаракат қилган маъқул.

Одатда иммунитетни рағбатлантирувчи дорилар бола уч-беш ёшга тўлгунича тавсия этилмайди, Чунки иммун тизимининг энг фаол пайтида унинг ишига аралашиш иммунитетни дангаса қилиб қўяди. Антибиотклар ҳам фойдали бактерияларни ўлдириб, иммунитетни зарарлайди. Буни инобатга олган замонавий педиатрлар бола шамоллаганида антибактериал эмас, вирусга қарши препаратлар буюришга ҳаракат қилмоқдалар.  Агар бола туғма дардга эга, асфиксия билан туғилган, ёшига тўлмасидан сурункали пневмония, бронхит, ларингит каби касалликларга тўқнаш келган бўлса, иммунитетни ташқи аралашувлар билан ошириш масаласи кўндаланг туради.

Шунингдек, жиддий сабабларга кўра, жумладан оғир дардларга йўлиқиш ва жарроҳлик амалиётларидан кейин иммунитет тушса, уни қайта тиклашда табиий йўллардан фойдаланиб самарага эриши мушкул масала. Бундай ҳолларда педиатр ёки иммунологга мурожаат қилиб, иммунитетни рағбатлантирувчи дориларга тавсия олиш лозим.

Мустаҳкам иммунитет қандай шакллантирилади?

  • Иммунитет учун илк пойдевор она қорнида қўйилар экан, ҳомиладор аёл фойдали овқатланиши, етарли даражада дам олиши ва кайфиятини яхши тутиши лозим. Бўлажак она анемияга ёки инфекцион касалликларга чалинса, туғуруқлар ораси кам йилларни ташкил этса, иммунитети паст бола дунёга келади.
  • Кўкрак сути билан иложи борича кўп озиқлантириш иммунитетни оширишнинг ишончли ва безарар усулидир. Бу пайт ҳам она соғлом турмуш тарзи ва бақувват таомлар истеъмол қилишга аҳамият бергани маъқул.
  • Чиниқтириш орқали иммунитетни осонликча ошириш мумкин. Чақалоқлигиданоқ ҳар куни чўмилтириш, ҳаво ваннасида турғизиш, қуёшда тоблантириш кабиларни аста секин амалга ошириш, қават қават кийимлар ва доим ёпиқ дераза ва эшиклардан чекиниш билан мақсадга эришамиз.
  • Гигиена масаласида ҳаддан ошмаслик муҳим. Бола ёшлигидан чанг-ғуборга ҳам маълум миқдорда ўрганиши керак. Унга бутун умр стерил муҳитни муҳайё қилиб беролмайсиз-ку.
  • Бадантарбия, спрот билан шуғулланиш, серҳаракатлилик иммунитетни рағбатлантиради.
  • Етарли даражадаги уйқу иммунитет манбаидир.
  • Наъматак дамламаси, кўк чой, саримсоқ иммунитетни кўратишда халқ табобати тавсия этувчи воситалардан бири. Асал қўшиб берилса, бола ичишдан бош тортмайди.
  • Ёзда тупроқли ерда, қумда ялангоёқ юриш оёқ кафтидаги биологик фаол нуқталарни очади ва бола соғлом бўлади. Оёқ учининг нафас олиши бола саломатлигида муҳим, совуқ кунлари уй ичида юрганида пайпоқчасини ечиб қўйинг.
  • Тоғ ён бағирларига сафар уюштиринг. Ҳаво алмашиш касалликларга чидамлиликни таъминлайди.
  • Стресс иммунитет деворини қулатувчи хавф эканлигини англаб, фарзандингиз билан дўст тутининг, асабини асрасангиз, соғлиғини ҳам ҳимоялаган бўласиз.

Иммунитет имтихони

Бола мактабгача таълим муассасасига қатнашни бошлагач, иммунитети имтихондан ўтади. Чунки ота-онасидан маълум вақтга айрилган бола депрессияни бошдан кечириб, бу иммунитетнинг тушишига сабаб бўлади. Агар шу пайтгача унда иммунитет нормал ҳолатда бўлса, вақтинчалик йўқотиш катта таъсир кўрсатмайди. Боғчага адаптация жараёнидан ўтиб олгач, яна касалликларга чидамлилиги тикланади. Башарти бола боғчага чиққунича ҳам нимжон бўлса, иммунитетнинг кескин тушиши оқибатида анча пайт касаллардан боши чиқмайди.

Иммунитет витаминларга бой озиқ моддалари таъсирида кўпайиб боради. Боланинг овқатланиш режимининг тўғри ўрнатилиши витаминларнинг яхши сўрилишини таъминлайди. Консервант ва ранглардан иборат маҳсулотлар, болалар севувчи чипс, сақич, лимонадларни чеклаш лозим. Оқсил, темир, А, С, Е витамини, рухга бой маҳсулотлар иммунитетни кўтаришга қодир. Карам, қўзиқорин, балиқ, лимон, ёнғоқлар, асал, қовоқ, ёрма донлар иммунитетни кўтарувчи маҳсулотлар сирасига киради. Биологик фаол қўшимчалар эса ичак иммунитетини мустаҳкамлайди.

 

Хулоса қилиб айтганда, тушган иммунитетни кўтариб олиш мушкул, шу сабаб уни мувозанатда ушлаб туриш чоралари ҳақида доимо бош қотириш ота-оналар олдида турган асосий вазифалардан биридир.

Тозагул ХОЛИҚОВА,

Самарқанд шаҳридаги 1-сонли

Болалар шифохонаси бош шифокори,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+