Партиядош устозлар байрам билан табрикланди

27.09.2019 16:09:05

“Адолат” СДП Пискент тумани Кенгаши томонидан 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан туман Халқ таълими бўлимида “Дунёда муаллим бўлмаса агар, ҳаёт ҳам бўлмасди бу қадар гўзал” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Байрам тадбирида партиямиз аъзолари бўлган фаол ўқитувчи ва мураббийлар, ўқувчи ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь - Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизнинг жамият ривожига ҳиссаси беқиёсдир.

Сурайё Азимова, Пискент тумани Кенгаши раиси:

–Таълим-тарбия инсон камолоти ва жамиятнинг тараққиётига дахлдор масаладир. Шунинг учун мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилган туб ислоҳотлар ўқитувчи ва мураббийларимизни замон талаблари даражасида фаолият олиб боришига хизмат қилмоқда. Шу билан биргаликда ўқитувчиларнинг малака ва маҳоратини ошириш, самарали меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш, меҳнати ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Педагоглар меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ғамхўрлик туфайли ўтган йиллар мобайнида умумтаълим тизимидаги юзлаб устоз ва мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари борлиги янада қувонарлидир.

Глобаллашув жараёнлари тобора шиддатли тус олаётган, ахборот коммуникация тизимлари ва интернет тармоғи орқали ахборот хуружлари ҳамда маънавий таҳдидларнинг ёшлар онгига таъсири кучайиб бораётган ҳозирги шароитда педагогларнинг зиммасидаги масъулият ҳам ортиб бормоқда.

Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг дарахтга айланиши учун беминнат хизмат қиладилар. Ёшларни маънавий етук ва баркамол инсон этиб тарбиялашда табаррук устоз ва мураббийларимизнинг ўрни беқиёсдир. Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Илмнинг бебаҳолигини, одамийликни ҳар нарсадан устун қўядилар. Бундай кишилар халқнинг, Ватаннинг қалқонидирлар. Зеро, устозу муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Доимо сизга таъзимдамиз, азиз устозлар!

Тадбир якунида партия томонидан байрам тадбири давомида жонкуяр, фидоий ўқитувчи-мураббийларга эсдалик совғалар такдим этилди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент  вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+