"Саховат ва кўмак": Партиядошимиз ўз ҳисобидан ички йўлларни таъмирлатиб, кўприк қурдирди

21.04.2020 10:04:44

Яккабоғда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жонкуяр, ташаббускор  аъзолари кўп. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Эркин Тўхтаев ана шундайлардан бири. Уни ҳамма танийди. Катта бир қурилиш ташкилотининг раҳбари эканлиги учун эмас, балки халқ иши учун фидойи инсон эканлиги учун.

Дарҳақиқат, меҳнатни роҳатда, роҳатни ҳаракат ва интилишда деб билган одамлар икки дунёда ҳам кам бўлмаганлар. Зеро, шундай фазилатли кишилардан нур таралиб, халқ ўртасида уларнинг обрў-эътиборлари кундан-кунга ортиб бораверади. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп.

Яккабоғ туманида Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Эркин Тўхтаев ўз меҳнати, қўл кучи, тинимсиз ҳаракат ва интилиши билан бахт ва обрў топаётган инсонлардан биридир. Эсини танибдики, бу одамнинг бутун умри фақат меҳнат, харакат ва мақсад сари тинимсиз интилишдан иборат, десак асло муболаға қилмаймиз. У айни карантин пайтида ҳам жорий этилган янги тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда ўзини қурилиш билан бутунлай боғлиқ эканлигини ҳис этиб, юртга фаровонликни таъминлаш, одамлар турмушини кўтариш, йўл, кўприк қуриб маҳалладошлари оғирини енгил қилиб келмоқда.

У биргина март ва апрель ойининг ўтган кунларида тумандаги “Саноқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига қулай бўлиши учун ўз ҳисобидан кўприк қуриб берди. Шунингдек, Шаршарбоғот, Ўрта, Ишкент қишлоқлари фуқаролари учун бир ярим километр масофадаги ички йўлларни таъмирлади.

Куни кеча эса партиядошимиз Президентимизнинг камбағал оилаларга моддий ёрдам кўрсатишга доир давъатига асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман бўлими орқали Эски Яккабоғ қўрғончасидаги кам таъминланган 150 та оилаларга ўз ҳисобидан 15 тонна ун ва 6 тонна ёғ улашди. Унинг бу химматидан туман аҳли мамнун.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+