Партиялар халқнинг ҳақиқий ҳурмати эътирофи ва эътиборини қозониши лозим

15.01.2021 17:01:34

“Муваффақият калитини қўлга киритиш учун сиз ўзгалар ухлаётганда ўрганинг, бошқалар ишсиз гап сотаётганда ишланг, ўзгалар ўйин ўйнаганда тайёргарлик кўринг ва бошқалар истаган вақтда мақсад қўйинг”.

Зеҳни ўткирлиги, зукколиги ва заковати билан ўз вақтида дунёни лол қолдирган инглиз шахматчиси Вильям Артур Уордга тегишли бу ўгит болалигимданоқ ёдимда қолган. Дарҳақиқат, ҳар қандай инсон ўзи истаган орзуга эришиш учун, албатта, ўз устида ишлаши, мунтазам меҳнат қилиши ва энг асосийси, ўз олдига тўғри мақсад қўя олиши муҳим аҳамиятга эга.

Яқиндагина поёнига етган 2020 йилнинг якунида Президентимиз томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома ҳамда унда илгари сурилган фикр ва мулоҳазалар болалигимда ўқиган юқоридаги иқтибосни яна ёдимга туширди. Сабаби, Президентимизнинг Мурожаатномасидан яна бир ҳақиқатни чуқур англадимки, айнан меҳнат қилиш, изланиш ва фақат олдинга қараб онгли равишда ҳаракат қилишдан тўхтамасликкина мамлакатимиз, халқимизнинг ҳар қандай синовлардан муваффақиятли ўтишига хизмат қилади.

Мурожаатномада ўринли таъкидланганидек, “Пандемия бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.

Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз”.

Дарҳақиқат, манаман деган ривожланган давлатларни ҳанузгача гангитиб, эсанкиратиб қўяётган бу офат ва унга қарши курашишда халқимизнинг жипслиги, ҳукуматнинг ҳозиржавоблиги туфайли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Шукрки, юртимизда осойишта ҳаёт ҳукм суриб, одамларимизнинг тинчлиги таъминланмоқда.

Аслида бу кунларга эришишнинг ўзи осон кечмади. Жумладан, пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари берилиб, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида фидойи ва олижаноб ватандошларимизнинг фаол иштирокида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорлару карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олижаноб халқимизга алоҳида миннатдорчилик билдирган Президентимиз кўпчиликнинг кўнглидаги гапни айтди.

Асосийси, Мурожаатномада акс эттирилган масалалар бизнинг сиёсий партия Сайловолди дастурига кўп томонлама мос тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилишида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Сайловолди дастуримизда акс эттирилган аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, таълим тизимидаги педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, олий таълимнинг қамрови ва сифатини ошириш, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши сингари масалаларнинг илгари сурилгани партиядошларимизни бефарқ қолдирмади десак, муболаға бўлмаса керак. Зотан, сизу бизнинг маслак ва мақсадимиз, ҳамма вақт таъкидлаб келаётган ғояларимиз юқори даражада тан олингани ва бу борада олдинга силжишлар кўзда тутилгани партиядошларимизнинг фахру ифтихорига сабаб бўлди.

Шунингдек, қўшма йиғилишда Президент томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома таҳлил этилди, унда акс этган масалалардан келиб чиқиб, партия олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, партиямиз вакиллари нафақат мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар иштирокчилари, балки уларнинг ташаббускорлари сифатида бошқаларга муносиб намуна кўрсатиш, ўз электоратимизга берган ваъдаларни, Сайловолди дастуримизни тўла ва самарали бажаришга ҳаракат қилиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Кези келганда таъкидлаш зарур, Мурожаатномадан келиб чиқиб ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича амалий ташаббусларни илгари суришда фаоллигимизни сусайтирмаслигимиз лозим. Қолаверса, жойларда аҳолининг кенг қатлами билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқишимиз керак.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган фикрларда, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда биз, сиёсий партиялар томошабин эмас, балки фаол иштирокчи бўлишимиз, халқимиз, электоратимиз ҳурмати, эътирофи ва эътиборини қозона олган жамоат ташкилотига айланмоғимиз шарт.

 

Сулаймонов Умиджон Қурбонович

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+