Партиямиз халқимизга энг кўп нафи тегадиган сиёсий кучга айлансин!

26.01.2020 11:01:19

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини йўллади. Бу Мурожаатнома пировардида янги Ўзбекистоннинг том маънода янгича қиёфасини белгилаб берувчи Мурожаатнома бўлди, десам муболаға бўлмайди. Бутун Ўзбекистон аҳли бу Мурожаатномада баён этилган сўзларни катта ҳаётбахш қувватга эга хитоб сифатида жон қулоғи билан тинглади.

Мурожаатномада таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизни ривожлантириш бўйича аниқ ва самарали ишларни олиб бориш йўлга қўйилди. Энг асосийси, қуруқ ҳужжатбозлик, қарсакбозликдан аниқ амалиётга ўтиш бошланди. Дарҳақиқат, биз буни ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида кўриб турибмиз. Ўзбекистон тараққийпарвар демократик янгиланишлар сари тобора илдам қадам ташламоқда. Бу жиҳат бутун жаҳон оммаси томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ биз бу эришилган натижалар билан кифоялана олмаймиз. Олдимизда бажарилиши лозим бўлиб турган вазифалар кўлами жуда ҳам оғир ва залворли. Эскиликдан воз кечиш вақти келди ва биз бунга ҳаракатни бугундан бошламоғимиз даркор. Энг аввало, билимлилик даражасини кучайтиришимиз зарур. Мен давлатимиз раҳбарининг сўзларидан, қолаверса, ўзимнинг ҳаётий кузатишларимдан яхши англадимки, бугунги жамият фуқаросида билим бўлмаса, унинг бир кун келиб қоқилиши, шубҳасиз. Айниқса, раҳбарларнинг билим даражаси юқори бўлиши ривожланишнинг энг муҳим омилларидан биридир. Соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар асосида раҳбарнинг интеллектуал қобилияти, билим ва кўникмаси ва фаолият жараёнида адолатлилик тамойилини устувор қўйиши бирламчи воситадир.

Шунингдек, мамлакатимиз йўлбошчиси мамлакат иқтисодиёти борасида рақамли тизимга ўтиш вақти келганлигини алоҳида таъкидлар экан, албатта, бу ҳар бир фуқаро, мансабдорлар ўз салоҳияти, ташаббускорлигини намоён этиши билан амалга ошиши мумкинлига тўхталиб ўтдилар. Бу хитобга ўз нуқтаи назарим билан жавоб берадиган бўлсам, ҳақиқатан, бугунги жамият давлат ташаббусини кутиб ўтирмаслиги, эски ғоялар ортидан қувиб, “олма пиш - оғзимга туш”, дейдиган фикрдан йироқ бўлиши шарт. Бундай даврлар ўтиб кетганлигини, демократик жамият фуқароси ўзи ҳаракат қилиб, ўзи яратувчи бўлсагина кўзланган натижага эришиш мумкинлигини ҳис этиши лозим. Ана шундагина рақамли иқтисодиёт ҳам бўлади, инсонларнинг фаровон ҳаёт кечириши ҳам таъминланади.

Бугунги кунда банклар фаолияти билан боғлиқ муаммолар ҳаётимизда талайгина. Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, банклар ташаббускорлиги, мижозларга таклиф этадиган хизмат турлари, уларнинг сифатлилик даражаси, умуман олганда, олдинги банклардан кескин фарқ қилгани ҳолда бугунги банклар давлатдан кутиб ўтирмасдан, эркин фаолият юритиши, ўз-ўзини таъминлаши энг катта вазифалардан бири эканлигини ҳаётнинг ўзи кундек равшан этмоқда.

Олий таълим тизимида кўплаб хорижий таълим даргоҳларининг юртимиздаги филиаллари очилаётганлиги ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг бири бўлса, масофавий, сиртқи, кечки таълим турларининг жорий этилиши эса аввало, халқимиз манфаатлари учун, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Аммо олий таълимда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг хамон тараққиёт стратегияси сифатида белгиланган йўналишларга тўсқинлик қилувчи энг катта омиллардан бири бўлиб қолаётганлиги бизни ҳар қачон ҳушёрликка даъват этиши зарур. Бу борада биздан нима кутилади?! Ҳар ким ўз йўналиши, ўз соҳаси бўйича мазкур омилларга қарши курашиши керак. Албатта, бунда халқимизнинг иродаси, коррупцияга қарши тура олиш билим ва кўникмаси бўлиши зарур. Фикримча, санаб ўтилган куч ва воситалар ҳаракат сифатида бирлашсагина, кўзланган натижага эришишимиз муқаррар. Аксинча, барча нарса “эски хаммом – эски тос”лигича қолиб кетаверади. Нафақат бу соҳада, барча жабҳаларда ҳам фуқароларнинг ягона онг ва ғоя остида куч бўлиб бирлашиши, инсон омилининг кучайиши, ташаббускорликнинг кенгайиши олдимизга белгилаб олган вазифаларимизнинг амалга ошишида асосий ўрин тутади.

Мен Юртбошимиз айтган гапларни хадеб такрорлайверишдан йироқман. Балки, айтилган хитобни шууримга яхши сингдириб, кўрсатиб берилган аниқ йўналиш бўйича қандай ишларни олиб боришим керак эканлиги ҳақида қайғураман. Мисол тариқасида, ўтган йил сўнгида бўлиб ўтган Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан қанчадан қанча устувор йўналишлар бўйича таклиф ва ғоялар ўртага ташланди. Халқ орасида ғоялар кенг тарғиб этилди ва маълум маънода халқни бунга ишонтиришга эришилди ҳам. Халқ ишончи билан ўйнашиш эса яхшиликка олиб бормайди. Халқ  ишондими, демак, суистеъмол қилмасдан сўзсиз бажаришимиз шарт. Шундай экан, янги 2020 йилда энг аввало, сайловлар олдидан берган ваъдаларимизни амалий ҳаётга татбиқ этиб амалга оширишимиз зарур. Коррупцияни йўқотиш, судлар мустақиллигини тўлиқ таъминлаш, тергов жараёнидаги адолатсизликларни бартараф этиш, сифатсиз ва қалбаки дорилар айланмасига чек қўйиш, шифокорларнинг мақомини ҳам ўқитувчиларники каби юқорига кўтариш каби вазифаларни халқимиз кўз ўнгида амалга оширишимиз керак. Токи, партиямиз фаолияти билан халқимизга энг кўп нафи тегадиган сиёсий кучга айлансин!         

                                                                                                          Баҳром ВАЛИЕВ

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

                                                                                                                                                                                                                                                                                                     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+