Партиянинг мақсад ва ғоялари талабалар томонидан қўллаб-қувватланди

11.11.2019 22:11:53

“Адолат” социал-демократик партияси жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказмоқда. Улар аҳолининг барча қатлами вакилларида қизиқиш ва унутилмас таассурот қолдираётганлиги диққатга сазовордир.

Ана шундай тадбирлардан яна бири Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат Техника университети Термиз филиалида бўлиб ўтди. Кенг жамоатчилик - партия вакиллари ва фаоллари, депутатлар, университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар маҳалла фаоллари билан гавжум бўлган тадбирда  Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши ҳамда Термиз шаҳар  Кенгаши ташаббуси билан “Адолат” сайли ўтказилди.

Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбир “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида ташкил этилди. Унинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов, университет Термиз  филиали директори Б.Тўраев, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Бекмурод Ашуров ва бошқалар томонидан мазкур акцияни ўтказиш негизида социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган – ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги ғоялари, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш бош мақсад эканлиги эътироф этилди. Шунингдек,  таълим соҳасидаги муаммолар, қўлга киритилган ютуқлар, янги таҳрирдаги сайловолди дастурда белгиланган таълим тизимига доир янги йўналишлар, янгиликлар хусусида сўз юритилиб давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.   

Тадбир давомида талабаларга олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш ҳамда талабаларнинг инновацион фаолиятга  бўлган қизиқишлари ва интилишлари хусусида ўртоқлашилди. Улар томонидан келажакда кичик инновацион корхоналар тузиш, ўқитувчи ва ходимларнинг инновацион фаолиятини ошириш борасида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Сардор Абдуллаев, талаба:

- Тадбирда партия фаоллари томонидан партиянинг мақсад ва вазифалари хусусида маърузалар бизда ёрқин таассурот қолдирди. Партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар хусусида атрофлича маълумотларга эга бўлдик. Айниқса, биз талабалар учун ишлаб чиқариш ва илмий ишлаб чиқариш корхоналари, бирлашмаларининг фаолиятини рағбатлантириш ҳамда бу борада докторлик диссертациясини ёқлашда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадқиқот ва изланишлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш учун докторликдан кейинги грантлар тақдим этилиши хусусидаги мақсад ва вазифалар бизга жуда манзур бўлди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилди. Савол-жавоблардаги ёшларнинг фаоллиги партиямизга бўлган эътибордан далолат беради. Мухтасар айтганда, мазкур тадбир партиямизнинг ўз ғоя ва мақсадларини яна бир бор ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+