Ишимиз таҳлили сабоқ ва хулосага ундади

21.08.2020 11:08:19

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги IV Пленумида партия Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари ҳам фаол қатнашди. Пленум ишида депутатлар, партия ходимлари ва фаоллар иштирок этди. Унда кун тартибидаги асосий масалалар ичида Тошкент шаҳар Кенгаши ҳудуди бўйича ҳам биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар кенг таҳлил  ва муҳокамадан ўтказилди.

Айтиш керакки, ўтган йил сўнгида бўлиб ўтган парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловларда партиядан муносиб номзодлар сайланиб, жорий йил бошидан бери то шу кунгача депутатлар томонидан халқ хоҳиш-иродасини ўзида намоён этувчи бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинди. Хусусан, юртимизда карантин эълон қилинганидан бери давлат даражасидаги кечиктириб бўлмас ислоҳотларда депутатлар фаол қатнашишди. Биргина “Саҳоват ва кўмак” ижтимоий ҳаракати доирасида Тошкент шаҳар ва туманларидан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан 150 миллион сўмдан ортиқ хайрия ишлари амалга оширилди. Бу хайриялар кам таъминланган, пандемия даврида ишсиз қолган “темир дафтар”га киритилган оилаларнинг моддий аҳволини яхшилашга сарфланди. Бундан ташқари депутатлар пандемия шароитида аҳолига ижтимоий кўмак учун берилган пластик карталарга туширилган пулларнинг тўғри тақсимланиши бўйича назорат ишларини олиб борди. Маҳаллаларда, ташкилот ва муассасаларда бўлиб, коронавирус инфекциясининг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга оширишди. Жойлардаги дизенфекциялаш ишларини ўз назоратларида олиб боришди.

Шунингдек, депутатлар партиянинг асосий электорати бўлган шифокорларга яратилган шарт-шароитлар бўйича бир қатор ўрганиш ишларини олиб бордилар. Уларнинг тиббий ҳимоя воситалари билан таъминланганлик ҳолати ва зарур мехнат шароитлари яратилганлигини кўздан кечиришди. Хусусан, Тошкент шаҳар тиббиёт бош бошқармаси, Яшнабод ва Учтепа туманлар тиббиёт бирлашмалари, Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати  давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги СЕОМ (Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази) Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари фаолиятлари танқидий ўрганиб чиқилди. 

Йил бошидан буён Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессияларида партия депутатлик гуруҳи томонидан турли муаммолар бўйича 17 та масала кун тартибига киритилиб, тегишли қарор чиқарилишига эришилди. Бу масалаларнинг асосий қисмини партия Сайловолди дастурида белгилаб олинган вазифалар ташкил этади. Суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий, таълим ва шунга оид қолган масалалар бўйича мансабдор шахсларнинг ҳисобот эшитувлари амалга оширилди. Сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси бажарилиши назоратга олинди.

Эндиликда партия шаҳар Кенгаши иккинчи ярим йилликда амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олиб, йўл харитаси ва партия Сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар бўйича изчил ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+