Полвонларимиз жаҳон чемпионатида 13 та медални қўлга киритишди

25.12.2020 19:12:04

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати, Осиё Белбоғли кураш федерацияси (IBWA Asian belt wrestling) Марказий Осиё бўйича вице президенти Равшан Дастиров раҳбарлигида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллардан иборат терма жамоамиз декабрь ойида Россия давлатининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этди.

11 декабрь куни старт берилган жаҳон чемпионати мусобақасида эркаклар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишида 8 та вазн тоифасида, хотин-қизлар эса 5 та вазн тоифасида кураш тушишди. Қувонарлиси, 35 та давлатдан йиғилган энг сара спортчилар орасида полвонларимиз 3 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза медалларини эгаллашга муваффақ бўлиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди ва кучлилар қаторидан жой олишди.

Белбоғли курашнинг эркин йўналиши бўйича беллашувларда спортчилардан 57 кг. вазн тоифасида Ойбекжон Ҳамидов (Наманган), 68 кг.да Ойбек Султонов (Андижон), 52 кг.да Фарангиз Абдунабиева (Сирдарё)лар барча рақибларини енгиб, олтин медалларни қўлга киритишди. 82 кг.да Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), 100 кг.да Аъзамжон Анваржонов (Андижон), +100 кг.да Шерзод Раҳимов (Фарғона), 58 кг.да Манзураой Мўйдинова (Фарғона) кумуш медалларига эга чиқишган бўлишса, 62 кг.да Муроджон Раҳимов (Хоразм), 52 кг.да Мадина Акрамова (Андижон), 66 кг.да Земфира Азатова (Қорақалпоғистон), +76 кг.да Анифе Куртсеитова (Андижон)лар учинчи ўринни банд этиб, бронза медали соҳибларига айланишди. Белбоғли курашнинг классик йўналишида полвонларимиздан 62 кг.да Ҳусанбой Носиров (Андижон) учинчи ўринни эгаллаган бўлса, 100 кг. да кураш тушган Зайлобиддин Ортиқов иккинчи ўринни банд этиб, кумуш медаль эгасига айланди.

Жаҳон чемпионати беллашувлари якунига етгач, тантанали тарздаги тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+