Президент мактабида келажак учун кадрлар тайёрланмоқда

05.03.2020 14:03:13

     Мамлакатимизда кейинги йилларда барча жабҳалар қатори таълим соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидай, “...Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.”

         Албатта, бу борада янги замонавий таълим муассасалари – Президент мактаблари ҳам муҳим роль ўйнайди. Улар эртанги кун учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга пухта замин яратишга даъват этилган.

         Ҳамид Аҳмадхўжаев, Ўзбекистон “Адолат” СДП фахрийси, Наманган муҳандислик-технология  институтининг профессори:

          – Ўтган йил охирларида вилоят марказида қад ростлаган Президент мактабининг очилиш маросимида қатнашиш бахтига муяссар бўлдик. Нафақат мен, балки бошқа иштирокчилар ҳам, орамизда фахрий педагоглар кўпчиликни ташкил этарди, бу ерда яратилган шарт-шароитлардан мамнун бўлдик. Мамлакатдаги дастлабки шундай таълим масканларидан саналмиш мазкур мактабда ёш авлод вакиллари учун чиндан ҳам ажойиб шароитлар яратилган. Кенг, ёруғ ва шинам хоналар, замонавий жиҳозлар, юқори малакали устозлар...

Қисқаси, бу ерда келажак учун хизмат қиладиган барча  омиллар муҳайё. Машғулот хоналаридаги электрон доскалар, компьютер мажмуалари, бошқа ахборот-коммуникация технология воситалари таълим жараёнларини юқори даражада ташкил этиш имконини беради. Олти минг номдаги адабиётлар жамланган кутубхона  илмсеварлар ихтиёрида. Бўш пайтда спорт залида жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар мавжуд.

         Яқинда биз ҳам мазкур мактабда бўлдик. Дарвоқе, таълим масканининг раҳбари Абдурасул Пирназаров – партиядошимиз. У икки йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. Аввал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим инспекцияси вилоят бўлимига раҳбарлик қилган.

          – Мен партияга киришдан олдин унинг низоми ва сайловолди дастури билан яқиндан танишгандим, - дейди у. - “Адолат” СДП таълим соҳасида туб ислоҳотлар тарафдори эканлиги менга маъқул тушганди. Боз устига ўша пайтдаги фаолиятим партия ғояларига ҳамоҳанг эди. Ҳозир ҳам шундай. Мамлакатнинг келажагини таъминлайдиган ёшларни тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшаётганимдан бениҳоя мамнунман.

         Шу ўринда Абдурасулнинг ўзи ҳақида  икки оғиз сўз. У Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида туғилган. Мактабни битиргач, Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтига ўқишга кирган. Бу ерда бакалавриат ва магистратурани тугатгач, Стокгольмдаги Швеция Қироллик технология институтининг докторантурасига ҳужжат топширган. Дунёга машҳур олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олганидан ҳозиргача фахрланади.

Бунда инглизчани пухта билганлиги қўл келди, албатта. У ерда қўшимча равишда швед тилини ҳам ўрганди. Илмий иш билан шуғулланиш жараёнида Осиё, Африка ва Америкадаги қатор мамлакатларда хизмат сафарларида ҳам бўлди. Ниҳоят, диссертацияни ёқлаб, техника фанлари бўйича фалсафа доктори даражасига эга бўлди ва юртимизга қайтиб келди. Ўзи ўқиган Наманган муҳандислик-технология институтида кафедра мудири бўлиб ишлади. Юқорида айтилганидай, бир муддат  таълим инспекциясида ҳам фаолият кўрсатди. 

Эътиборли жиҳати -  Президент мактабида олдиндан мураккаб вазифаларни ҳал қила оладиган педагоглар жамоасини шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилган эди. Бу иш билан жаҳонда танилган "Teachaway" (Канада) и "TIC Recruitment" (Буюк Британия) рекрутинг компаниялари шуғулланди. Танлов асосида 11 нафар хорижлик ўқитувчилар қабул қилинди.

Америкалик Кенебрю Леонард Даррйл – уларнинг бири. У Иллинойс штатида туғилган, Рузвельт университетини таълимни бошқариш ихтисоси бўйича битирган. Ўз вақтида АҚШда ва қатор бошқа мамлакатларда ўқитувчи, мактаб директори бўлиб ишлаган. Шуни ҳисобга олиб, яқинда уни Президент мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари вазифасига тайинлашди.

Президент мактабида маҳаллий ўқитувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мана, ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси Нигора Қўчқоровани олайлик. У Учқўрғон туманидаги 13-умумтаълим мактабида қарийб йигирма йил дарс берган, олий тоифали ўқитувчи. Шогирдлари орасидан фан олимпиадаларининг туман, вилоят, мамлакат босқичлари ғолиб ҳамда совриндорлари жуда кўплаб етишиб чиққан. Бу эса албатта, устознинг юксак педагогик маҳорат эгаси эканлигидан далолат. Бошқа педагоглар ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин.

Вақт – худди дарё каби югурик. Бир неча йилдан сўнг ҳозир Президент мактабида таҳсил олаётган ўғил-қизлар мустақил ҳаётга қадам қўядилар. Ҳеч шубҳасиз, улар олий таълим муассасаларида мамлакат учун энг керакли мутахассисликларни эгаллайдилар ва самарали меҳнатлари билан Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+