Президент таклифи: “Андижон тажрибасини биргаликда яратамиз!”

09.06.2020 20:06:50

Илгарлари давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифидан очиғи қайсидир мансабдорнинг  ишдан бўшатилиши ёки танқид қилиниши кутиларди. Бугун эса бутунлай бошқача. Президентимиз қаерга борсалар, ана шу жойда ўзгариш ва ривожланишга йўл очмоқда.

Юртбошимизнинг шу йил 21-22 май кунлари Андижонда бўлиши ҳам катта воқеликка айланди, десак муболаға бўлмайди. Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва қўлга киритилган ютуқлар эътироф этилиши баробарида  қатор янги лойиҳаларга асос солинди. Ўз навбатида Андижон тажрибасини биргаликда яратиш таклифини илгари сурдилар. Буни андижонлик Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Ташрифдан келиб чиқиб белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга умумий қиймати 7,5 триллион сўм, шундан республика бюджетидан 532 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилди. Йўналишлар кесимида олиб қаралганда, иқтисодиётда  41 та, инвестицияда 38 та, ижтимоий соҳада  65 та, қурилишда 49 та, оила ва маҳалла тизимида 12 та, қишлоқ хўжалигида 38 та, суд-ҳуқуқ тизимида  8 та ва саноат йўналишида 6 та  зарур топшириқлар берилди.

Албатта, юқоридаги вазифаларнинг барчаси янги Андижонни яратишга қаратилган. Аҳоли турмуш маданияти юксалиб бораётганининг ифодаси сифатида “Замонавий қишлоқ” дастурининг ишлаб чиқилиши андижонликларга бўлган ишончдир. Эндиликда чекка ҳудудларда бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда замонавий аҳоли яшаш манзиллари барпо этилади.

Давлатимиз раҳбарлари кластерлар фаолиятиги алоҳида эътибор қаратдилар. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир пахта-тўқимачилик кластери қошида янги инновацияларни жорий этиш бўйича илмий марказлар фаолиятини ташкил этиш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришни қўпайтириш кўзда тутилмоқда. Пахта экилган майдонларда соя етиштириш тажрибасини ўрганиб, шу орқали ерлардан унумли фойдаланиш ва даромадни ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилиши соҳа ривожи, қолаверса иқтисодий самарадорлик демакдир.

Аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда бандлик масаласи катта аҳамият касб этади. Шу маънода 37,2 мингта камбағал хонадонларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини, жумладан, ёшларни фермер хўжаликларига бириктириш вазифаси белгиланди. Бунинг учун  уларнинг ҳар бирига такрорий экин экиш учун ғалладан бўшайдиган майдонлардан 20 сотихдан ер майдони ажратилади.

Ҳудудларда кичик саноат зоналарини ташкил этиш ва янги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳам бугуннинг талаби. Кичик саноат зоналарининг коммунал инфратузилмасини яхшилаш учун 34,2 миллиард сўм миқдорида маблағ  ўзлаштирилиши ҳисобига ишлаб чиқариш сурати кескин ортади.  

2020 йилда ички  туризмни ривожлантириш, Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш, туманларда маданият ва истирохат боғлари, манзарали очиқ боғлар, соҳил бўйи ва бошқа аҳоли учун қулай бўлган ҳудудларда, 2 километрдан кам бўлмаган масофада “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил қилиш каби истиқболли таклифлар барчамизни  фаолликка бошлайди. Пировардида Андижон янада обод бўлади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+