Прописка ислоҳ қилиниши керакми?

13.05.2020 13:05:44

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармонга асосан, прописка соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Неча йиллардан буён халқни қийнаб келган ушбу масала мана, ниҳоят ўз ечимини топмоқда. Қувонарли жиҳати шундаки, фармонда келтирилган жуда кўп бандлар халқ хоҳиш-иродасини ўзида намоён этиши билан аҳамиятлидир. Жумладан, республиканинг бошқа ҳудудларида  доимий яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартибини бекор қилиш, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассисларни (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, доимий яшаш жойи бўйича рўйҳатга қўйиш учун эр-хотиннинг никохдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоидани олиб ташлаш каби ва бошқа кўплаб бандлар киритилгани прописка тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим қадам бўлмоқда.

Бу ишлар замирида биринчи галда халқ манфаатлари кўзлангани турибди, албатта. Бироқ фикримча, пропискани ислоҳ қилмасдан бутунлай йўқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, прописка билан боғлиқ можаролар инсон манфаатлари билан тўқнаш келганида Конституциямизда назарда тутилган шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар борасидаги ҳуқуқларга даҳл қилади.

Лекин бир нарсани назардан қочирмаслигимиз ҳам керакки, шунча муҳим қадамларни босиб ўтмоқдамизми, келгусида бундан ҳам катта натижаларга эришишимиз тайин. Асосийси, биз илк қадамларни қўйдик.

Умид қиламанки, кун келиб юртимиз фуқаролари ҳеч бир муаммосиз, тўсиқларсиз, бюрократиядан ҳоли тарзда ўзлари истаган жойларида рўйҳатда туриб яшаш имкониятига эга бўладилар.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+