Пропискадаги ўзгаришлар муҳим тарихий воқеа бўлди

28.04.2020 13:04:39

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур фармон тарихимиз зарварақларида муҳим тарихий ҳужжат сифатида муҳрланиши шак-шубҳасиздир. Унда прописка тизимидаги ортиқча муаммоларнинг ечими ўз ифодасини топган.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 сентябрдан  Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланиши, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти ҳам бекор қилинади. Яъни, ортиқча расмиятчилик ва оворагарчиликларга барҳам берилиб, прописка тизими анча соддалаштирилади. 

Вилоятдан келган фуқаро пойтахтда ёки Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилса ёхуд диссертация ёқлаш ишлари билан пойтахтга келса прописка муаммоси қийнар, пропискадан ўта олмай йиллар давомида қийналиб келишарди. Режалаштирилган ишлар ҳам одимланиши қийин бўлиб, бу ўринда тегишли раҳбариятнинг  маълумотномаси билан пропискага кириши мумкин эди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчалари ўзгартирилади. Шу билан бирга фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади.

Ушбу Фармон прописка масаласида қийналган, уй-жой олган бўлсада, ўз номига ўтказа олмай қийналган  оилаларига хурсандчилик олиб келиши муқаррар. Сабаби,  прописка деган расмиятчиликни деб, улар ўз уйи бўлса ҳам унга қонуний эгалик қила олмаган. Мана, Президентимизнинг ушбу Фармонлари билан барча давлат ташкилотларида 5 йил ишлаб келган ходимлар учун прописка муаммоси энди ҳал бўлади.

Ҳужжатнинг яна бир муҳим томони шундаки, ушбу фармон билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланади. Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Хулоса шуки, мазкур фармон билан прописка тизимининг ислоҳ этилиши республикамизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, ҳар бир фуқаро прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса фуқароларимизнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ  ҳуқуқларни янада кафолатлаш имконини беради.

 

Исроил ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши ташкилий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+