Қачонгача аҳоли ер остининг шўр сувидан истеъмол қилади?

21.10.2019 11:10:55

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан партия фаоллари ва депутатлари  халқ орасида бўлиб, очиқ мулоқотлар, учрашув ва суҳбатлар ташкил этишмоқда.  Фуқароларнинг яшаш шароитлари ва уларни кўпдан қийнаб келаётган муаммоларини ўрганиб, жойнинг ўзида ёки депутатлик сўровлари орқали бартараф этишмоқда. Аммо, депутатлик сўровларининг ҳаммаси ҳам  ижобий ҳал этилавермайди. Энг ёмони “Халқ депутатлари  вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси  Қонунининг  8-моддасида юборилган депутатлик сўровига  10  кун муддат ичида  ёзма жавоб бериш белгиланганлигига  қарамай, айрим мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан эътиборсизлик ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, Қўшкўпир туман Кенгаши депутати Манзура Артиқованинг  тумандаги  “Меҳнатобод”  маҳалла  ахолисининг ичимлик суви муаммосидаги мурожаатларига асосан, “Туямуйин-Урганч” МСКФБ (Минтақавий сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси) Қўшкўпир туман бўлими бошлиғи Наримон Кенжаев номига юборилган депутатлик сўрови  жавобсиз қолдирилган. Натижада “Меҳнатобод” маҳалла аҳолиси ер остининг шўр сувидан истеъмол қилишга мажбур бўлишяпти.

Шу маҳалла аҳолиси томонидан билдирилган  “Beeline UZ” компанияси абонентлари сони тобора кўпайиб бораётгани, алоқа сифатининг жуда пасайиб қолгани сабаб тез ёрдам, тиббий патронаж хизматларига зарурият бўлганда қўнғироқ қилишда муаммолар туғдираётгани тўғрисидаги шикоятлари  эътиборга олиниб,  депутат М.Ортиқова томонидан Хоразм вилоят “Beeline UZ” компанияси раҳбари номига  жўнатилган депутатлик сўрови  ҳам  жавобсиз қолмоқда.

Шунингдек, Урганч тумани “Мевазор”  маҳалласида истиқомат қилаётган фуқароларнинг мурожатига асосан,  “Мевазор”  кўчасида жойлашган  36-сон ўрта таълим мактаби ёнига ўрнатилган  электр токи трансформаторни мактаб ўқувчилари ҳамда шу жойга  яқин аҳолининг хафсизлигини  тўлиқ таъминлаш  мақсадида бошқа жойга кўчириш ёки темир тўсиқлар билан ўраш тўғрисидаги мурожаатларига асосан,  туман Кенгаши депутати Раъно Вапаеванинг,  шу тумандаги “Шерматлар” МФЙ мутаҳассиси Гулбаҳор Атажанованинг маҳалланинг  чекка қисмидаги аҳоли ўзи ясаган қўлбола симёғочлардан фойдаланиб келаётгани  тўғрисидаги мурожаати ўрганилиб, депутат Саида Қурбонниёзованинг  Электр тармоқлари  туман бўлими раҳбарига йўллаган депутатлик сўрови ҳам эътиборсиз қолдирилган.  

Мухтасар айтганда, ҳар бир депутатлик сўрови ортида инсон, мамлакат тақдири ётади. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат  органлари  халқимизга хизмат қилишлари керак” тамойили давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланганини унитмаслигимиз лозим. Зеро, халқ  манфаати ҳар нарсадан устун!

                                                                                                         Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                        Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                    Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+