Қачонгача маҳалла аҳолиси чанг ютиб яшайди?

15.11.2019 15:11:31

Маълумки, фуқароларнинг дард-у ташвишларини эшитиб, хулоса чиқариш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш, ҳар биримизнинг зиммамизга масъулият юклади. Энг қувонарлиси, мамлакатимизда фаолият юритаётган блогерларнинг  юртдошларимиз билан мулоқотлари уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этаётгани ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборидан жой олмоқда.

Хусусан, партиямиз фаоли,  блогер-Шавкат Атамуратовнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан партия фаоллари ҳамкорлигида  бир қатор хайрли ишларга қўл урилди. Жумладан, Янгиариқ туманидаги “Янгиобод” маҳалласида яшовчи 90 ёшни қаршилаган, кам таъминланган оила – Хусан ота ва унинг турмуш ўртоғи  Пошшажон она Майлиеваларнинг соғлиги тўғрисидаги шикоятлари эътиборга олиниб, Урганч шаҳар шифохонасида муолажа олишлари таъминланди. Шу маҳаллада яшовчи 1968 йилда туғилган, туғма 1-гуруҳ ногирони Отабой Пирматовга қараётган Бобур Пирматовга беморга қараётган даври учун меҳнат стажи белгиланадиган бўлди.

Куни кеча партиядошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Урганч туманидаги “Мироблар” маҳалла аҳолисининг  кўпдан ташвишга солаётган муаммоси бартараф этиладиган бўлди. Маҳалла аҳолиси партиядошимизга  маҳалладаги хонадонларни таъминлайдиган электр тармоқлари қўшни маҳалладаги трансфарматорга 1980 йилларда уланган бўлиб, аҳолининг сониб ортиб бораётгани боис трансфарматорнинг қуввати етмасдан  кун аро бузилаётгани натижасида  фуқароларнинг маиший техникалари ҳам куйиб қолаётганини айтишган эди. “Мироблар” маҳалласига  янги трансфарматор  ўрнатиб бериш учун тегишли ташкилотларга мурожаат этилгани аммо хозирга қадар бу муаммо амалга ошмаётгани тўғрисида билдиришган.  Партиядошимиз Урганч туман ҳокимлиги  виртуал қабулхонасига мурожаат этди ва янги трансформатор зудлик билан маҳалла ҳудудига ўрнатилди. Аммо трансформаторга электр тармоқлари улангани йўқ. Бу масаланинг натижаси  Ш.Атамуратовнинг диққат марказидан жой олди.

Партия вилоят Кенгаши фаоллари биргаликда “Мироблар” маҳалласи  томон йўл олди ва маҳалла аҳолиси билан учрашди.

Маҳалла  нуронийларидан - Қадамбой ота Собуров, Жуманазар Қўчқаров,  Рустам Матяқубов ва бошқалар “Мироблар” маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига киритилгани боис жорий йилнинг май ойида қурилиш ишлари бошланганидан маҳалла аҳолисининг қувончи чексиз экани, аммо қувончлари узоққа чўзилмай аҳолининг тинчлиги бузилгани, маҳалланинг каттадан кичиги муаммолар қуршовида қолганини билдиришди. Дўрмон кўчасига сув қувурларини ўтказиш учун равон, асфальт қилинган йўл бузилиб, қувурларни ўрнатишганидан кейин, йўл чанг тўзонли, яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, хатто йўлнинг иккала томонидаги дарахтлар қуриб қолгани, чанглар уйларгача кираётганидан ёш болалар, кексалар азият чекаётнганини баён этишди. Шунингдек,  дастур доирасида тунги чироқлар ўрнатилган, аммо атиги икки-уч соатгина ёниб, кейин ўчиб қолаётгани  тўғрисида гапиришди. Шунингдек, қўшни кўчадаги хонадонлар табиий газ билан таъминланган, аммо Дўрмон кўчасида газ қувурлари  кесиб ташлангани  яқинлашаётган  совуқ-суронли кунларда аҳолининг   жабрланишига олиб келади.

Партия вилоят Кенгаши етакчилари фаоллар билан биргаликда аниқланган муаммолар ечимини топишга киришишди.

“Обод маҳалла” давлат дастури белгиланган муддатда бажарилмай, чала қолиб кетаверадими? Ёки дастур ижроси таъминлангунча “Мироблар”  маҳалла аҳолиси чанг ютиб яшайверадими? Бу савол ҳеч бир раҳбарнинг  эътиборидан четда қолиши мумкин эмас.

                                                                                                          Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                    Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                            Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

  

  

 

     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+