Қадим Темур боғларидан жаннат меваси

09.09.2019 14:09:53

Эрта тонгдан Самарқанддаги қадимий Амир Темур боғларида жаннат меваси - анжир сайли бошланди. Эътиборли жиҳати бу галги анжир сайли ўзгача, ўзига хос тарзда ташкил этилган бўлиб, сўлим, ям-яшил боғ, юз йиллик анжир дарахтлари орасида ёзилган дастурхонлар атрофида иштирокчилар “жаннат меваси”дан тановвул қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Анжир ва ундан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилган. Бир томондан машҳур санъаткорларнинг сеҳрли оҳанглари кишини ўзига ром этса, бир томонда кўзни қувнатган боғ дилингни яйратади, кўтаринки кайфият бағишлайди.

 Бежиз Самарқанд шарқ дурдонаси дейилмаган. У нафақат ўзининг тарихий обидалари, осори атиқлари билан, балки такрорланмас урф-одат, анъаналари ила жаҳон аҳлини ўзига мафтун этади, сайёҳларни чорлайди.

Самарқандда ўтказиладиган машҳур, ўзига хос таъм ва ифорга эга бўлган “Самарқанд нон сайли”, “Қовун сайли” тадбирлари қаторида “Анжир сайли” ҳам аҳоли томонидан катта қизиқиш ва қувонч билан қарши олинмоқда. Тарихан Амир Темур боғларига мансуб 40 гектар майдонни эгаллаган “Боғибаланд” анжирзорларида бундай сайилларни ташкил этиш ушбу масканга юртдошларимизни, қолаверса чет эллик сайёҳларни кенг жалб этиш,  анжирзорни энг гавжум туризим ҳудудига айлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Муҳиба БОБОЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+