Қадри ва қадди баланд Ватаним

29.01.2021 12:01:54

Ҳаёт баъзан нақадар шафқатсиз эканлигига  Сурия давлатидан  “Меҳр-3”  операцияси  орқали  Ватанимизга олиб  келинган  аёллар  ва  уларнинг фарзандлари  билан суҳбат асосида  ишонч  ҳосил қилдим.

Хусусан, 2021 йил 22 январь куни Қарши шаҳрининг  “Отчопар” маҳалласида  ота-онаси бағрига  қайтарилган  Фарида Жўраева ва унинг фарзандлари билан  суҳбат  ўтказдик.

- Мен, ЎМИ  Қашқадарё вилоят   вакилининг  хотин-қизлар  масалалари  бўйича ёрдамчиси  Шоира  Каромова, Қарши шаҳар тарғибот  гуруҳи раҳбари  Матлуба  Очиловалар, Фариданинг  етти йилдан ортиқ вақт мобайнида тутқинликда  кечган ҳаётини, даҳшатли  кечмишини уч соат  давомида    тингладик.

Фарида  битта фарзанди  (ўғли)  билан  Россияга эри билан ишлагани бориб, ундан Туркияга, сўнгра Сурияга ўтиб кетганликларини, кўп ўтмай мина портлаши натижасида  эри бир қўлидан ажрагани, 2020 йилгача яна бир қиз, бир  ўғил  фарзанди  туғилади. 2020 йилда  эри дом- дараксиз кетади.

Юртимизга олиб келинган  Фариданинг болалари  катта ўғли мактабга, қизи боғчага жойлаштирилди. Кичик ўғли бир ярим ёшда, онаси  тарбиясида. Фарида давлатимизнинг бағрикенглиги ва  эътиборидан  мамнун.

Сурияда ногирон эр ва вояга етмаган фарзандлари  билан  қийналиб яшагани, дўкон очиб кун кўргани  ҳақида  куйиниб  гапирди. Ватангадолик машаққатини ҳеч ким кўрмасин, аёлларимиз огоҳ бўлсин, адашмасинлар-дея етти ярим йилги азобли ҳаётини унута олмаслигини минг истиҳола билан айтиб берди.

2021 йил 26 январ куни Суриядан “Меҳр-3” операцияси орқали Китоб тумани Ҳамид Олимжон маҳалласига ота-онаси ҳузурига олиб келинган Шоҳида Қобилова билан ҳам дилдан суҳбат қилдик. Шоҳида 2014 йил январь ойида ногирон фарзандини даволатаман, деган алдов билан эри томонидан Россия давлатига, ундан Туркияга, сўнгра эри Анқарага деб Сурияга олиб кетганини сўзлаб берди. Сурияда Шоҳиданинг паспортини олиб қўйишган, 2014 йил декабрь ойида ўша ерда 3-қизини дунёга келтирган. Унга эрини вафот этди деб суръатини кўрсатишган холос. Ноилож қолган бева аёл болаларини боқиш учун наманганлик шифокорга турмушга чиққан. Ундан 2017 йил 4-фарзандини дунёга келтирган. Шоҳида етти йил давомида ватанга қайтиш илинжида қийналиб яшаганини сўзлади. Энди ота-онаси бағрида, катта қизи мактабда, иккита кичик қизлари боғчада қатнаяпти. Ногирон фарзандига эса ногиронлик аравачаси, кийим-кечак, ўқув қуроллари ва моддий ёрдам берилди.   Шоҳида қайта-қайта эрининг алдови билан шу куйга тушгани, сарсон-саргардонликда ногирон ва вояга етмаган фарзандлари билан кун кечиргани, иккинчи эри ҳам ўлгач, палаткаларда, акопларда яшагани ҳақида сўзлаб ачиниб гапирди.

Энди ватанимизда фарзандларини ўқимишли қилиб тарбиялаш, ўзи эса бирор касбга ўқиб ишлаш истаги борлигини билдирди.

Шоҳида аёлларимиз, қизларимиз ўзи каби алдовларга учмасликни, ватан тупроғи нақадар азиз эканлигини тушуниб етганига қайта-қайта иқрор бўлди.

Кексаларимизда бир гап бор: “Ўз уйинг-ўлан тўшагинг”,- деб бежиз айтишмаган. Мехр оқибатли, қавму-қариндош ва қўни-қўшнилар билан яшаш завқи ҳеч қаерда йўқлиги, маҳалла қўрғонимиз  эканлигини Муҳтарам Президентимиз  ҳар бир учрашувларда таъкидлашлари бежиз эмас. Жаннатмакон Ўзбекистонимиз  қадри баланд, тинч-осуда осмон остида  бехавотир шукрона  қилиб  яшаш  ўзи  катта  бир бахтдир.

Биз поёни  чексиз  деб  ўйлаган  дунё, адашганлар учун каталакдай тор эканлигини  аёлларимиз  билан  суҳбатларда  юракдан ҳис  қилдик.

 

Муҳаббат  ШАРОПОВА,

                                               Ўзбекистон  Қаҳрамони, Халқ депутатлари

Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати,

вилоят тарғибот гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+