Қармоқ тутишни эплолмайдиган фуқаролар нимани ўйлашади?

04.03.2020 17:03:33

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари шу кунларда ўзлари сайланган округларда бўлишиб, аҳоли муаммоларини ўрганишмоқда. Ўрганилган баъзи масалалар жойида ҳал этилиб, қолганларини тегишли тартибда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ишларини бошлашган.

        147-Тўқимачи сайлов округидан сайланган депутат Елена Михайловна Борисова ҳам Яккасарой туманидаги “Конституция”, “Боғсарой” МФЙ фуқаролари билан учрашувлар ўтказиб, уларни қийнаб келаётган бир қанча масалаларни ўрганиб чиқди. Жумладан, “Конституция” МФЙда истиқомат қилувчи Крицина Еленанинг 24 ёшли ногирон фарзанди бор. Боқувчиси йўқ бўлган ушбу аёл қарийб 24 йилдан буён ногирон фарзандини парваришлаб келади. Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаронинг фарзандига оладиган ногиронлик нафақаси рўзғор ва дори-дармон учун етмайди. Шунингдек, аёлнинг яна 2 нафар вояга етмаган фарзанди ҳам бор. Қонунчилик палатаси депутати бугунги кунда ногирон фарзандига қараётганлар учун меҳнат стажи ёзилиши билан бирга, унга маош ҳам тўлаш бўйича қонун ишлаб чиқилганини, онага маош белгилашда бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда муаммони ҳал этишини маълум қилди. Шунингдек яна бир фуқаро, “Боғсарой” МФЙдаги уй-жой хўжалиги ширкати уюшмасида ишловчи Литвина Тамаранинг идораси аввал “Конституция” МФЙ ҳудудида бўлган. Сўнг УЖХУга янги идора ўз маҳалласи, яъни “Боғсарой”дан берилган. Фуқаронинг таъкидлашича, эски идора кадастр ҳужжатлари билан бирга “Боғсарой” МФЙга тегишли. Уни эса “Конституция”  МФЙ вакиллари олиб қўйишмоқда экан. Фуқаро бу масалани ҳал этишда депутатдан ёрдам сўради. Депутат муаммони тегишлича ўрганиб, сўнг натижасини маълум қилишини айтди. Фуқаролар шунингдек, туманда жойлашган Шота Руставели кўчасида бир неча кафе-барлар зич ҳолда жойлашгани, улар тўғрисидаги пиёдалар ўтиш йўлакчасида автомобиллар тартибсиз ҳолда қўйилиши сабаб юриб ўтишга жой қолмаётганлигидан шикоят билдиришди. Депутат бу муаммони ҳам тегишлича ўрганиб, ҳал этишга ваъда берди.

        141-Темирйўлчи сайлов округидан сайланган депутат Ойдин Абдуллаева ҳам Бектемир туманидаги “Чашма”, “Бинокор” МФЙлардаги мавжуд муаммоларни ўрганди. Хусусан, депутат бошчилигидаги ишчи гуруҳи “Чашма” МФЙга ташриф буюрганида фуқаро Ойсултон Шарифқулова турмуш ўртоғи Хусан Шарифқулов бир неча йиллардан буён инсульт касаллигига чалингани ҳолда нафақа олмасдан келаётганлигини маълум қилди. Маҳалла раиси Кунтуғмуш Ахкуловга “бу муаммони ҳал этишга нега аралашилмаяпди,” деб савол берилганида бошини ҳам қилганча жавоб беролмай қолди . Шу ўринда битта нафақа пули олишга ёрдами тегмайдиган маҳалла раиси нима иш қилади ўзи, деган савол  кўнглимиздан ўтди. О.Шарифқулованинг таъкидлашича, вояга етмаган 4 нафар фарзанди бўлган фуқаро бемор турмуш ўртоғини парваришлаш билан бандлиги сабаб ҳеч қаерда ишламайди. Айни пайтда моддий етишмовчилик оиланинг табиий газдан 1 400 000 (бир миллион тўрт юз минг) сўм қарздор бўлишига олиб келган. Депутат О. Абдуллаева фуқаронинг мурожаати ёзилган аризасини қабул қилиб, зудлик билан мазкур масалани ҳал этиш учун тегишли масъул ташкилотларга депутатлик сўрови чиқаришни белгилаб олди. 1951 йилда туғилган нафақадаги яна бир фуқаро Ўлмас Семурқуловнинг уч нафар фарзанди бор бўлиб, икки нафари вояга етмаганлиги маълум бўлди. Торгина ҳовлида истиқомат қилувчи мазкур оиланинг уйи ҳароба ҳолатга келиб қолган. Тўрт нафар фарзанди бўлган тўнғич ўғил эса соғлом бўлишига қарамасдан хеч қаерда ишламайди. Муқаддам маҳалладошлари бир неча жойларга ишга жойлаштириб қўйишган бўлса-да, ишни тарк этиб, ишламасдан кетиб қолган. Шу ўринда Президентимизнинг яқинда “Халқимизга балиқ эмас, қармоқ бериш зарур”,  деб айтган жумлалари ногоҳ ёдимизга келди. Ижтимоий боқимандалик кайфияти ҳукмрон бўлган бундай инсонлар қармоқни эплаб тутолармикин? Депутат шундай бўлса-да, мазкур оилага ёрдам беришни зиммасига олди. Туманда иш фаолиятини олиб борувчи тадбиркор Фурқат Қаландаров билан ҳамкорликда фуқаро Ў. Семеркуловнинг уйи капитал таъмирланиб бериладиган бўлди.

        Депутат “Бинокор” МФЙга ҳам ташриф буюриб, сайловчилар мурожаатларини жон қулоғи билан  тинглади. МФЙ ҳудудидаги ягона бўлган 292-мактаб ҳолатини синчиклаб ўрганди. Аниқландики, мактабда синф хоналар етишмайди. Олий маълумотли кадрлар ҳам етарли эмас. Маҳалладаги кўп тармоқли поликлиникада ҳамширалар кам. Ҳудудда қандли диабет касаллиги  билан оғриганлар кўпчиликни ташкил этишини инобатга олинса, бу муаммо ҳам долзарб.

        Депутатлар тарафидан ўрганилган шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш юзасидан айни пайтда амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+