Қарс икки қўлдан чиқади

04.04.2020 14:04:06

Дунё аҳолисининг ҳаёт тарзини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборган коронавирус пандемияси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Натижада, кўпгина соҳалар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди, айрим корхоналарда ишлаб чиқариш ва савдо ҳажми кескин тушиб кетди. Кунлик даромадга эга фуқароларимиз эса бу имкониятдан маҳрум бўлишди.

Албатта, давлат раҳбарининг кўрсатмаларига асосан, ҳукумат томонидан мазкур синовли кунларни иложи борича тезроқ ва камроқ талофат билан ўтказиш тўғрисида чоралар кўрилмоқа.

Аввало, Президентимиз томонидан қисқа муддат ичида пандемиянинг иқтисодий-ижтимоий талофатларини бартараф этиш, унга қарши курашаётганларни моддий қўллаб-қувватлаш, карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, фуқаролар ва муассасаларни зарурий дори ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш каби энг устувор масалаларни қамраб олган 2 та фармон, 1 та қонун, 3 та қарор имзоланди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 10 трлн сўм маблағга эга Инқирозга қарши курашиш  жамғармаси ташкил этилди, 100 минг киши карантинга олинди, хориждан 13 мингга яқин фуқароларимиз қайтарилди ва улар ҳам тиббий назоратда. Тошкент вилоятида 10 минг кишига мўлжалланган карантин зонаси қурилмоқда. Зангиота туманида эса 10 минг ўринли иккита вирусология шифохонаси қад кўтармоқда. Шифокорларга устама ҳақ ва қўшимча тўловлар белгиланди. Тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва солиқ таътиллари берилди.

Куни кеча ушбу ишларнинг узвий давом эттириш ва қўшимча зарурий чораларни қўллаш мақсадида “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги​ ​Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони имзоланди.

Мазкур фармон билан Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланмоқда. 

Жумладан, тадбиркорларнинг кредитлар фоизини қоплашга Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилмоқда. Шу билан бирга карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронларга 18 турдаги озиқ-овқат ва гигиена воситалари бепул етказиб берилади.

Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, карантин давомида даромад манбаларидан айрилган, оғир аҳволга тушиб қолган аҳоли қатламига ёрдам бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларнинг манзиллилигини таъминлаш ҳамда ижтимоий ёрдамга ўта муҳтож бўлган оилаларга ёрдам кўрсатиш учун тегишли кўмакларни жалб қилиш бўйича тезкорлик билан чора кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари божхона тўловларидан озод этилмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, ҳукумат томонидан пандемияни талофатларсиз ўтказиш бўйича зарурий чора-тадбирлар ўз вақтида кўрилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур вазият давлатимиз хоҳ чет элдаги, хоҳ мамлакат ичкарисидаги барча фуқароларни ҳимоя қилиш, уларни асраб-авайлаш бўйича етарлича куч ва имкониятга эга эканлигини яна бир бор кўрсатиб бермоқда.

Фуқаролардан эса мазкур вазиятда ҳукумат томонидан қабул қилинаётган барча қарорларни тўғри қабул қилиши, шифокорлар тавсиясига асосан, зарурий эҳтиёт чораларини кўриши, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиши сўралади холос. Афсуски, бугун ҳаммамиз ҳам мазкур энг оддий кўрсатмаларга тўлиқ амал қилмаяпмиз. Натижада нафақат ўзимизни, яқинларимизниг соғлиғига ҳам хавф туғдирмоқдамиз.

Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл мавжуд. Агарда биз давлат томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватаб, ўз эҳтиётимизни қилмас эканмиз, қилинаётган шунча ҳаракат, сарфланаётган шунча маблағлар ўз самарасини бериши қийин бўлиб қолади.

Ҳукумат томонидан фуқароларни асраб-авайлаш учун шунча зарурий чоралар кўрилмоқдами, биз ҳам ўзимизни, давлатмизни асраш учун карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолайлик.

Наримон УМАРОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+