Қашқадарёликлар қон топшириб, саховат кўрсатдилар

10.06.2020 09:06:29

Саховат, мурувват сўзи ўз маъноси каби жуда кенг тушунчадир. Ҳазрат Навоий бобомиз ҳам саховатни дурга қиёслаган.

Халқимизда кимгадир нимадир бериш, ҳадя қилиш, эҳсон улашиш давлатининг камайишини билдирмайди, аксинча, топганининг баракасини беради, деган эзгу қараш бор. Шу сабабли ҳам карантин пайтида донорлар сони  кескин камайиб кетгани боис Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга болажон” донорлик хайрий акцияси ташкил этилаяпти.

Бу хайрли ишга партиянинг Қашқадарё вилоят Кенгаши аъзолари ҳам якдиллик билан қўшилиб, бугун эрта тонгданоқ Қон қуйиш марказига ташриф  буюрдилар. Биз дастлаб кўнгиллилар қаторида қон топшириб чиққан партиядошимизни суҳбатга чорладик.

— Албатта, эзгулик, меҳр-оқибат, хайру-саховат, меҳру-мурувват барқарор юрт обод бўлиб, эли фаровон ва фуқаролари осойишталикда, ҳамжиҳатликда, тўкин ҳаёт кечирадилар,-дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов- Жонажон Ватанимиздаги барча ривожланиш, барқарорлик ва осойишталикнинг боши албатта халқимизнинг бир-бирига меҳр-оқибати туфайлидир.

Дарвоқе, сиёсий куч сафида бундай саховат камарини белида маҳкам боғлаган партиядошларимиз кўп. Адҳам Сайниязов ана шундайларнинг бири.

— Менинг ҳозирги топширган қоним ёшлигидан ногирон бўлиб тўшакка михланиб қолган болажонларимизга ёрдами тегса, ўзимни бахтиёр ҳисоблардим,-деди Адҳам Сайниязов.-Қолаверса, муқаддас динимизда ҳам сахийлик, мурувват, саховат энг яхши инсоний хулқлар сифатида улуғланади.

Дарҳақиқат, манбаларда “Сахийлар жаннатга ҳожилардан ҳам, шаҳидлардан ҳам ва ҳатто олимлардан ҳам олдин киради” дейилган. Бугунги донорлик хайрия акциясида ўнлаб партиядошларимиз каби хайрихоҳлар ва юртдошларимиз ҳам кўнгиллилар сафида қон топширяптилар. Мақсад эса юртимиздаги жондан азиз барча фарзандларимиз соғлом бўлишсин.

Шаҳло ЛУҚМОНОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+