Қибрай – бунёдкорлик харитасида

01.03.2021 15:03:00

Кейинги уч йил ичида юртимизда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари амалга оширилдики, унинг туб моҳиятида инсон омили, юрти фаравонлиги мавжуддир.

Шаҳар-қишлоқларимиз қиёфаси тобора ўзгариб бормоқда. Қаергаки қараманг, албатта неча йиллик орзу-ниятлар руёби амалга ошмоқда.

Буни биргина Қибрай мисолида ҳам кўриш мумкин. Қибрай тумани пойтахтнинг шундоққина остонасида жойлашган, табиати баҳаво, салқин маскан. Бир неча йиллар давомида туманнинг шаҳарчалари инфратузилмаси, қишлоқлари қиёфасида ўзгариш ва ривожланиш кўзга ташланмади.

Шундай катта салоҳиятли туманда бирорта истироҳат боғи йўқлиги, деҳқон бозорчаси мавжуд эмаслиги барчани ажаблантирган. Тўғри, мева-сабзавотга асосланган, чор атрофи боғ-роғ бўлган туманга буларни кераги бўлмасдек таассурот уйғотар, аммо кейинги пайтда аҳоли сони ортиши, шаҳарча ва қишлоқлар ҳудуди кенгайиши бунга эҳтиёж ортиб бораётганлигини ифодалайди.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари қатори Қибрай туманида барпо қилинадиган бир неча объектлар лойиҳаси тақдимоти билан танишиш жараёнини ОАВ орқали кузатиб, қибрайликлар мамнунияти ошганлигига ишонч ҳосил қилдик. Чунки лойиҳаларда фақат яшил дарахтзорлардан иборат дендропарк, Олимпия шаҳарчаси, университет, шифохона ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилган. 

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, «Тошкент-Шарқий» аэродроми яқинида фақат дарахтзор ва гуллардан иборат бўладиган 155 гектарлик дендропарк бунёд этилади. Уни ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. Бу боғ фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Бу пойтахтимиз экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган «яшил ҳудуд» бўлади.

Янада қувончлиси, унинг ёнида, 160 гектар майдонда 2025 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари учун Олимпия шаҳарчаси қурилади. Чирчиқ дарёси бўйлари тартибга келтирилиб, эшкак эшиш бўйича мусобақа ўтказиладиган жой тайёрланади,  270 гектарлик парк ҳам ташкил этилади; 2та университет ва бошқа ижтимоий объектлар қад ростлайди.

Лойиҳаларни сифат ва қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш, иншоотларни қуришда жаҳондаги энг илғор тажрибаларни қўллаш бўйича Президент томонидан кўрсатмалар берилди.

Албатта, бу лойиҳалар билан танишгач, барчамизнинг қалбимизда ўзгача ғурур  пайдо бўлди. Кечаги кичик бир туманимиз, бугун ва эртага жаҳонга юзланиши мумкинлиги, бу ерда дунё аҳамиятига молик мусобақалар ўтказилиши фахр туйғуларини уйғотди. Бу юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг бир бўлагидир, аммо у беқиёс  аҳамиятга эга.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+