Қибрай туманида яна бир шифо маскани фойдаланишга топширилди

25.02.2020 11:02:24

Тумандаги  “Яланғоч” қишлоқ оилавий поликлиникасининг  очилишига бағишланган тантанали  тадбирда  туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, Ўзбекистон  “Адолат" СДП Қибрай туман Кенгаши аъзолари, депутатлар, тегишли ташкилот ва муассаса раҳбарлари ва МФЙ  фаоллари иштирок этдилар.

Айтиш керакки, 1987 йилдан бери ҳудудда аҳолига хизмат кўрсатувчи поликлиниканинг ўз биноси йўқ эди. Инвестиция дастури асосида қурилган мазкур шифо масканида эндиликда тез тиббий ёрдам бўлими ҳам иш бошлайди.  Бунинг учун алоҳида хоналар берилади, тез тиббий ёрдам машинаси ажратилиши кўзда тутилган.

- Ҳозирга қадар аҳолига 5 нафар шифокор, 12 нафар ҳамшира, лаборант, доя, жами 17 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатиб келар эди, - дейди “Яланғоч” ҚОП бўлим бошлиғи Олима Абдуғаниева. - Қишлоқ оилавий поликлиникаси тўлиқ иш бошлаши билан терапевт, гинеколог, педиатр, хирург, стоматолог хизмати ҳам кўрсатила бошлайди.

Тантанали очилиш маросими ҳақиқий байрамона тус олди. Маҳалла фахри - нуронийлари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликдан ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

- Ҳудудда 10 минг 200 нафар аҳоли бўлиб, кўп йиллардан бери сифатли тиббий хизмат бўйича қатор ноқулайликларга дуч келинарди.  Сабаби оддий, шамоллаш билан касаллик варақаси очдириш учун ҳам бошқа филиал ёки туман марказига боришга тўғри келади, - дейди Қибрай тумани Кенгаши депутати Дониёр Юсупов. -  Эндиликда Қишлоқ оилавий поликлиникаси мақомида иш юритувчи мазкур тиббиёт масканида 7 ўринли  кундузги стационар ташкил этилади. Келгусида ҚОПда замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, тиббий хизмат сифатини янада ошириш мумкин. Зеро, тизимга ахборот коммуникацион технологияларни жорий этиш бугун давр талаби.

Партиямизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсади аҳолига барча даражада юқори технологияли ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашдан иборат.

 

Ҳозирда тиббий хизмат устидан депутатлик  ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмлари ишлаб чиқилиб, амалда қўллаш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+