Қибрайнинг янги қиёфасига тамал тоши

01.03.2021 17:03:34

Ўзбекистон бугун ҳақиқий бунёдкорлик майдонига айланиб улгурди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 25 февраль куни Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишиб,  муҳим кўрсатмалар берди.

Тақдим этилган лойиҳалардан бири – Тошкент вилоятининг Қибрай туманида,  “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида 155 гектарлик боғ барпо этишдир.

Дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилиб, ишлаб чиқилган бу боғ лойиҳасида фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Пойтахтимиз экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган “яшил ҳудуд” Қибрай тумани ва унга туташ жойларнинг аҳолиси, қолаверса юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг масканига айланиши шубҳасиз.

Яна бир янгилик, Олимпия шаҳарчаси қурилишидир.  Мазкур шаҳарча Осиё Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги  Тошкент шаҳрига берилгани боис жуда зарур эди. Қитъамизнинг 45 та мамлакати ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашувчи Осиё ӯйинлари нуфузли халқаро мусобақалар сирасига киради ва  Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ўтказилади. Давлатимиз раҳбари бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч эканини, ушбу мусобақага ҳозирдан  пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлаган эди.

Шу мақсадда 160 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Чирчиқ дарёсининг 5 километрдан зиёд қисмида қирғоқларни тартибга келтириб, эшкак эшиш бўйича мусобақалар учун зарур шароит яратиш мўлжалланган. Дарё  бўйларида эса 270 гектарлик парк барпо этилиши режалаштирилган.

Тошкент вилояти спортчиси Карим Тулагановни Олимпия шоҳсупасида кӯрганимда кӯксим икки карра ғурурга тӯлган эди. Биринчиси,  у ўзбек фарзанди. Иккинчиси, бу менинг вилоятим спортчиси эканилиги. Қарангки, орадан йиллар ўтиб, бугун Олимпия ва жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндорларимиз сони ортиб бормоқда. Олимпия шаҳарчаси, нафақат Ёшлар ӯртасида Осиё ӯйинларида, балки келгусида янада нуфузли спорт мусобақалари, боринки, халқаро ӯқув машғулотлари базасига ҳам айланиши шубҳасиз.

Ушбу ҳудудида 2 та университет, шифохона, экспо, савдо ва кўнгилочар марказ бинолари жойлаштирилиши эса Қибрай тумани қиёфасининг тубдан янгиланишига олиб келади.

 

 

Дониёр ЮСУПОВ,

 Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+