Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида Президент фармони

24.10.2019 11:10:07

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг мавжуд эмаслиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳага инвестицияларни кенг жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг
2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си (кейинги ўринларда – “Йўл харита”си) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар Стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтиришни назарда тутувчи соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;

ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигида давлат бошқаруви тузилмасини реструктуризация қилиш ва янада ривожлантиришни назарда тутувчи бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш;

фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш;

қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарали шаклларини қўллашни назарда тутувчи илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;

қишлоқ жойларини мувозанатли ва барқарор тараққий эттиришга кўмаклашишни назарда тутувчи қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш;

замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли услубларини жорий этишни назарда тутувчи тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш.

3. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) 3-иловага мувофиқ таркибда тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.

4. Мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Н.Арипов):

Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этсин ҳамда белгиланган индикаторларга эришиш устидан доимий мониторинг олиб борсин;

бир ой муддатда Стратегиянинг ҳар бир асосий йўналиши бўйича малакали мутахассислардан, шу жумладан, хорижий экспертлардан иборат таркибда доимий ишловчи ишчи гуруҳларини, уларга халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар грантлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда шакллантирсин;

Стратегия ва «Йўл харита»сини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифатли ва ўз муддатида ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминласин;

ҳар йили 1 декабрга қадар жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг бажарилишини чуқур таҳлил этган ҳолда Стратегияни амалга ошириш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси сифатли ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини ташкил этсин;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Стратегияни амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида ахборот тақдим этиб борсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик тузилмасида қўшимча 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этсин ҳамда хорижий экспертлар жалб этилишини таъминласин.

Хорижий экспертларни жалб этиш вазирликнинг бюджетдан ташқари ҳамда халқаро молия институтларининг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги
ПҚ-4486-сон “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилганлиги ҳамда унга сув хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги мавжуд инвестиция лойиҳалари, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари, шунингдек, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар сақлаб қолинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари бюджетлари параметрларида қишлоқ хўжалиги харажатлари таркибини диверсификация қилишнинг мақсадли йўналишлари 4-иловага мувофиқ белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

Стратегия ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотлари ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 23 октябрь

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+