Қизилтепадаги митингда мингдан ортиқ киши дорилар нархидан норозилик эълон қилди

08.10.2019 17:10:33

8 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши томонидан Қизилтепа туманидаги истироҳат боғида “Ақлли тиббиёт”ни тарғиб қилиш тарафдоримиз” шиори остида митинг бўлиб ўтди. Митингда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, партия  фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, партия хайриҳоҳлари, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари жами мингдан ортиқ киши иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган устивор мақсад ва вазифаларни партия ўзининг тарафдорлари ва электорати ҳамда кенг жамоатчилик олдида тарғибот қилишдан иборат. Шунингдек, бўлажак сайловларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан илгари сурилаётган ғоя ва мақсадларини фаол қўлаб-қувватлашда бирдамликни намойиш этишга йўналтирилган.

Митингда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши маъсул ҳодими Эркин Муҳаммадраҳимов, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитовлар сўзга чиқди. Маърузачилар ўз нутқида партия томонидан кўтарилаётган долзарб ижтимоий муаммолар уларнинг ечимига партия сайловолди дастурида алоҳида эътибор қаратилаётганлигига урғу беришди.   

Ушбу митингда партиямиз лидерлари томонидан долзарб ижтимоий муаммолар кўтарилди. Бу эса митинг иштирокчиларида катта резонанс тўлқинини келтириб чиқарди. Жумладан, дори-дармонларнинг марказдагига қараганда чекка ҳудудларда бир неча маротаба қиммат нархда сотилаётганлиги жиддий танқид қилинди.  Бу ҳолат дори-дармонларнинг бир неча қўлдан ўтиб сотилиши ва нархларнинг шакллантирилиши устидан назорат ўрнатилмаганлиги натижасида келиб чиқаётганлиги билдиришди.

Шунингдек, дорихоналарнинг аксариятида харидорларга фақат касса чеки берилиши,  товар чеки эса берилмаслиги ва бу ҳолат умуман назорат қилинмаслиги таъкидланди.  Айнан дори воситаларининг улгуржи савдосини ташкил этиш ва назорат қилиш функцияси соғлиқни сақлаш вазирлигига чакана савдони ташкил этиш ва назорат қилиш вазифаси эса тегишли маҳаллий ҳокимликлар зиммасидаги вазифа ҳисобланишига алоҳида урғу берилди. Бироқ, ҳар иккила давлат борқарув органининг ушбу соҳадаги фаолияти умуман талаб даражасида эмаслиги ҳақли норозиликларни келтириб чиқараётганлиги эътироф этилди.     

       

Бундан ташқари,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Ўзбекистон шароитида 16 ёшгача бўлган болалалар ўртасида ясситовонлик ва сколиоз касаллиигининг кўпайиши, ушбу муаммони ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш, унинг ўсиш тенденциясини ўрганиш ҳамда истиқболда унинг олдини олиш” Концепцияси ишлаб чиқилган ҳамда ҳукуматга тақдим этилган. Шунга қарамасдан, ҳозирга қадар ҳукумат томонидан бу масалада ҳеч қандай амалий иш қилинмаганлиги митинг иштирокчиларнинг танқидларига сабаб бўлди.

Партия томонидан илгари сурилаётган ҳар бир таклиф, фикр-мулоҳазалар тадбир иштирокчилари томонидан фаол қўллаб-қувватланиб,  “Биз - адолат тарафдоримиз”, “Куч - адолатда”, “Адолат -ҳаётимизнинг бош мезони”, “Адолат - ҳар бир инсон учун” , “Биз – адолатни танладик” ҳамда “Адолатни қўллаб-қувватланг” каби шиорларни жўр бўлиб айтишди.  Иштирокчилар ушбу шиорлар ёзилган махсус паннолар, баннерлар логотипларларни кўтарган ҳолда марш ўтказишди.   

Митингда “Ақлли тиббиёт – барча учун” шиорини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш пулли хизматлар чегарасини аниқ белгилаш, тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцион ҳаракатларни батамом йўқотиш лозимлиги йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди. Тиббиёт ходимларини ойлик маошларини миқдорини ошириш бир овоздан маъқуллашди.

Партиянинг вилоят Кенгаши бу каби янгича тарғибот тадбирларини вилоятнинг барча туман ва шаҳарларда ўтказишни режалаштирган.

Акбар ЖАЙНАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик

партияси Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+