Қизилтепадаги муаммолар депутатга ҳавола этилди

27.08.2019 16:08:40

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рўйиддин Рауповнинг Камаши тумани сайловчилари билан уюштирган юзма-юз мулоқоти самимий руҳда кечди.

Депутат аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, фуқаролар ҳолидан хабар олди. Мулоқот асносида одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Очиқ мулоқотларда ахоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудни ижтимоий- иқтисодий  ривожлантириш  масалаларига  алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, Қизилтепа қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан юзма- юз мулоқот ғоят самарали кечди. Учрашувда Рўйиддин Раупов истиқлолнинг 28 йиллиги арафасида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, воҳамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотларининг ҳам ҳиссаси катта бўлаётганини таъкидлади.

Шу куни қишлоқ фуқаролари ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни очиқ-ойдин баён этишди. Кўпчиликни ўйлантириб келаётган, қишлоқ аҳолиси учун умумий бўлган жумбоқлар ҳам ўртага ташланди. Умум манфаатига  хизмат қиладиган таклифлар ҳам билдирилди.

- Қишлоғимизда Ўғлонжонота зиёратгоҳи жойлашган, - деди мулоқотда қишлоқ фуқаролари номидан Боходир Қўчқоров.- Ана шу зиёратгоҳ анча йиллардан буён таьмирланмаганлиги туфайли нураб бормоқда. Шу зиёратгоҳни таьмирлашда амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз.

Депутат Олма ҚФЙ аҳолиси билан мулоқотга киришаркан, энг аввало, фуқаролар эьтибор учун депутатга миннатдорчилик изҳор этишди. Одамлар номидан ҚФЙ раиси Хуршид Каримов 10 километрлик қишлоқ йўлларини таьмирлаш кераклигини билдирди. Теракли ҚФЙ аьзолари эса газ балонлари таьминотидаги узилишлардан норози бўлишди. Бундан ташқари, Теракли ва Олма ҚФЙни боғловчи осма кўприкни ҳам таъмирлаш юзасидан ёрдам сўрашди.

Шунингдек, аҳоли томонидан уй-жойларга кадастр ҳужжатини олиш бўйича, бандлик, тадбиркорлик, қишлоқнинг ички йўлларини таьмирлаш билан боғлиқ қатор мурожаатлар ҳам бўлди. Энг муҳими, муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, айримлари бўйича эса мутасаддилар иштирокида йўл хариталари ишлаб чиқилиб, муаммони тез фурсатда бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Қишлоқ фуқаролар йиғинлари аьзолари билан учрашувда депутат Президентимиз томонидан аҳоли фаровонлигини янада ошириш борасида катта ишлар қилинаётганини алоҳида эътироф этди. Қизғин мулоқотларда партиядошимиз фуқароларнинг иш билан бандлигини таьминлаш, Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган бешта ташаббус доирасида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар кўламини бунданда кенгайтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида тўхталди.

Рўйиддин Раупов Қизилтепа ҚФЙ ҳудудида жойлашган Ўғлонжон ота зиёратгохини сифатли таьмирлашни бошлаш юзасидан вилоят маданий мерос бошқармасига депутатлик сўрови юборди. Шунингдек, қишлоқ фуқароларини йиллар давомида қийнаб келаётган Олма ва Теракли ҚФЙни боғловчи осма кўприкни таъмирлаш, Олма ҚФЙ ҳудудидаги 10 километрлик йўлни тартибга келтириш, аҳоли хонадонларини узлуксиз  равишда суюлтирилган газ балонлари билан таьминлаш юзасидан Қамаши тумани ҳокими номига депутатлик сўрови  билан мурожаат қилди.  

Умуман олганда, қишлоқ фуқароларини анча пайтдан буён қийнаб келаётган кўплаб муаммолари депутат аралашуви туфайли ўз ечимини топди. Ушбу  юзма юз мулоқотлар қишлоқ одамларининг ҳаётга бўлган ишончи, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисини янада оширган кун сифатида ёдида қоладиган бўлди.

Депутат билан халқнинг очиқ мулоқоти кўтаринки кайфиятда, жонли ва самимий руҳда ўтди.        

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!