Қонунга халқ баҳо беради

28.05.2020 18:05:55

Бугунги кунда қабул қилинган Қонунларнинг ижросини таъминлаш, уларни ижрочиларга етказиш, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг аҳолига, айниқса қонунга алоқадор субъектлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим вазифа саналади. Шунингдек, мамлакатимизда Қонунларни халқ томонидан баҳоланиши муҳим таълабга айланиб улгурган.

Жорий йилнинг 28 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги навбатдаги йиғилиши Қонунчилик палатаси фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган, “Қабул қилинган ҳар бир қонунни халқ томонидан баҳоланиши ва унинг самарадорлигини ошириш” амалиёти лойиҳасига қаратилди.

Йиғилишда фракция аъзолари таъкидлаганидек, депутатлар томонидан ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар давомида қонунлар юзасидан билдирилган фикр ва таклифлар ҳамда улар доирасида ўтказилган ижтимоий сўровлар қонунларни баҳолашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ўртасида ҳам ўтказиладиган сўровлар қонунларнинг аҳамияти ва долзарблигини, айниқса халқоналигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонучилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва Парламент институти томонидан тақдим этилган ушбу амалиёт лойиҳаси муҳокама этилиб, фракция депутатлари томонидан қабул қилинган қонунларни мониторингини Қонунчилик палатаси Қўмиталари ўз йўналишига алоқадор қонунлар доирасида олиб боришлари лозимлиги таъкидланиб, бунда бир қатор таклифлар илгари сурилди.

 Хусусан, қонунни субъекти бўлган, шунингдек унинг ижросини таъминлашга алоқадор бўлган ваколатли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тақдим этилган статистик ва таҳлилий маълумотлар, қонунни тушунтириш масалалари бўйича мурожаатлар, таклиф ва шикоятлар ҳам қонунни баҳолашда муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, қонунларнинг халқ томонидан баҳоланишида қонунни қўллаш, ҳуқуқни тартибга солувчи мавжуд низолар ва камчиликлар, қоидалар маънолари ва уларни бир хилда қўллашнинг бузилиши билан боғлиқ қаноатлантирилган мурожаатларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш таклифи депутатлар томонидан илгари сурилди. Бунда шу билан бирга қонунни қўллашда давлат бошқаруви органларининг ноқонуний ёки асоссиз қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги масаласига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Депутатлар томонидан қонунларни баҳолашда унинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ҳамда унинг жойлардаги ижросини таъминлаш борасида қонун билан вазифаси белгиланган давлат органларининг амалга оширилган ишларига ҳам баҳо бериш амалиётини йўлга қўйиш таклифи ҳам илгари сурилди. Бунда қабул қилинган қонуннинг ижроси таъминланганлик ҳолатига қараб масъул вазирлик ёки давлат органи фаолиятини қониқарли ёки салбий дея баҳолаш лозимлиги қайд этилди.

Фракция депутатлари қонунларнинг амалиётдаги ишлашини ўрганиш доирасини уни янада такомиллаштириш, қонун ижрочи масъулларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қонунни ижросини таъминлаш жараёнида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий холатлар хусусан, коррупциянинг олдини олиш борасида масъул қўмитасининг таклифлари ҳамда бошқа хулосаларини ишлаб чиқиш лозимлигини айтиб ўтишди.

Шунингдек, Қўмита хулосасида қайд этилган масалаларни ҳал этишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, қонунчиликдаги бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш чораларини кучайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш ҳамда уни Ҳукуматга тақдим этиш лозимлиги таклифи илгари сурилди.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, ҳар бир қонун аввало халққа хизмат қилиши ва мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижаларга эришилишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши даркор. Шунингдек, қабул қилинган қонунлар амалиётда ҳам ўз аксини топиши мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида билдирилган таклифлар билан тақдим этилган амалиёт лойиҳасини маромига етказиш зарурлиги белгиланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси юртимизда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, соҳасидаги барча фаолият турларини ривожланиши учун мақбул ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни ягона маданият майдонига айлантирилишини таъминлаш ва мустаҳкамлаш, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилашга хизмат қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришда бир қатор ишчи гуруҳлари йиғилишида “Адолат” СДП фракцияси аъзолари иштирок этиб, асослантирилган таклифлар тақдим этилган эди. Қўмита томонидан ушбу таклифларнинг аксарияти лойиҳада ўз аксини топди. Шунга қарамасдан мазкур лойиҳада яна айрим камчиликлар борлиги ва лойиҳани такомиллаштириш зарурлиги айтилиб, фракция аъзолари томонидан қатор таклифлар илгари сурилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қароридан келиб чиқиб лойиҳага ижодий буюртманинг қонунчиликда ўрнатилган тартибда молиялаштирилиши ҳақидаги нормани киритиш лозилиги айтиб ўтилди.

Шунингдек депутатлар санъат бевосита амалиётга тегишли соҳаси ҳисобланиши, санъат ривожланмаса, унга тегишли санъатшунослик фани ҳам ривожланмаслигидан келиб чиқиб, лойиҳада ижодий фаолият педагогик ва илмий-тадқиқот ишига тенглаштирилиши масаласини ҳам кўриб чиқиш лозимлиги таклиф этилди.

Шу билан бирга, маданият ва санъат хали ҳам эски услубда бошқарилиб келинаётган соҳалардан бири ҳисобланганлиги сабабдан қонун лойиҳасида мавжуд бошқарув соҳасини қайта кўриб чиқиш ва “Маданият соҳасида менеджмент” номли моддани киритиш лозимлигини таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+