Қонуни кучли бўлган давлатнинг равнақи бутун бўлади

22.01.2020 15:01:56

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида сўзлаган нутқи депутатлик фаолияти учун яна бир мактаб бўлди, десам муболаға бўлмайди. Президентимиз дастлаб ўз нутқида депутатлик лавозимига сайлангани билан барча депутатларни муборакбод этар экан, парламентнинг ҳақиқий маънодаги халқ уйига айланишига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу эса депутатларнинг том маънода ўз фаолиятига нисбатан масъулиятни оширди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида депутатнинг вазифаси ҳамда унинг аниқ мақсадини белгилаб берди. Жумладан, улар томонидан муҳокамага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича ўзининг мустаҳкам позициясини кўрсатган тақдирдагина, сайловчилар ишончини оқлай олиши борасида алоҳида фикр билдирар экан, бунда ҳар бир депутат халқ манфаатлааридан келиб чиққан ҳолда унинг учун хизмат қиладиган, манфаатларини ҳимоя қиладиган, халқчил бўлиши лозимлигини таъкидлади. “Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак” деган фикри эса депутатнинг фаолияти давомида асосий шиорга айланмоғи шарт. Чунки қонуни кучли бўлган давлатнинг равнақи бутун бўлади. Бу фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишида хизмат қилади. Энг муҳими, юртимизда янгиланишлар ва амалий ишларнинг аниқ натижалари бўй кўрсатади.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд камчиликларни тилга олди. Таъкидланганидек, соҳада давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлса-да, биронта лойиҳа ишга туширилмаганлиги, шунингдек, онкологик, эндокринологик ва юрак-қон томир тизими касалликларини даволаш бўйича ишларнинг аҳволи талаб даражасида эмаслиги тизимда мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишида ҳам тўсқинлик қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам Президент тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун қандай қонуний чоралар кўриш, одамларни рози қилиш бўйича чинакам ташаббус ва қатъият кўрсатилиши борасида ўз фикрларини қайд этиб ўтди.

Парламентнинг асосий вазифаси ва депутатларнинг фаолияти бўйича берилган таклифлар уларни чинакамига халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилади. “Парламент халқ иродасининг ҳақиқий кўзгуси бўлиши зарур” деган улуғвор  ғоя амалда кўрсатилишида асос бўлади.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+