Қумқўрғонда “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

25.02.2021 22:02:13

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ва партиянинг Қумқўрғон туман Кенгаши томонидан тумандаги 70-сонли ўрта умумтаълим мактабида "Депутат ва ёшлар" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда  партия вилоят ва туман Кенгашлари фаоллари, депутатлар, ўқитувчи-педагоглар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Депутат ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган кенг эътибор, барча соҳаларда ёшларнинг ўрни, айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Ёшлар ўқиб-ўрганиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, ҳунарли бўлиши учун айни пайтда қабул қилинган Давлат Дастурида кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани, режалар айтилгани ҳақида батафсил гапириб берилди. Шунингдек, Ёшлар фаолиятига доир бошқа муҳим қарор ва фармонлар, қонунлар қабул қилинаётгани ва унда ёшларнинг ҳам таклиф, фикр-мулоҳазалари ўрин олаётганлиги ёшларга  қаратилаётган юксак эътиборнинг намунаси эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган. Зеро, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Дилноза Мўминова, Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши депутати:

–Бугун дунё аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда эса аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қатлами келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистонни ёшлар мамлакати, десак асло янглишмаймиз. Бугунги учрашувда ҳам мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга ошириляпти, бу соҳада қандай муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида фикр алмашиб, ёшлар билан учрашув давомида ўртага ташланган муаммолар асосида келгусида бу борада қилиниши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олдим.

Учрашув сўнгида ёшларни қизиқтирган барча саволларга депутат ва партия фаоллари томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+