Қумқўрғонликарда ижтимоий адолатга интилиш кучли

21.10.2019 12:10:51

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамда партиянинг Қумқўрғон туман Кенгаши ҳамкорлигида “Адолат сайли” ўтказилди.

Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбир “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида ташкил этилди. Қумқўрғон тумани марказидаги сайлгоҳ кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди.

Унинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда  сўзга чиққан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича  ўринбосари Нормўмин Алланазаров, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Дилноза Мўминова, партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбоновлар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор вазифалари, партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, бу борада ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб бердилар.

Сўзга чиққанлар  жорий йилда бўлажак сайловларга “Адолат” партияси жиддий тайёргарлик кўраётганини, янги сайловолди дастуримизда белгиланаётган устувор йўналишлар, аниқ вазифалар халқимизнинг бугунги ҳаёти ҳамда юксак орзу-мақсадларини ўзида ифода этганини таъкидладилар.

Акция давомида партия фаолиятига оид юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар бўлиб, юртдошларимизда “Адолат” социал-демократик партияси ғояларига хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганлигини кўрсатди. Шу жараённинг ўзида жуда кўп ёшлар партия сафига қўшилиш истагини билдиришди. Акцияда бошқа бир қатор масалаларга ҳам кўпчиликнинг эътибори жалб этилди.

Мавлуда Худойбердиева, БПТ етакчиси, партия фаоли:

- Ҳозирги кунда сиёсий партиялар фаоллиги кун сайин кучаймоқда. Бугунги тадбирда ҳам иштирокчилар “Адолат” СДП олиб бораётган сиёсат, сайловолди дастуридаги энг муҳим вазифалардан хабардор бўлдилар.
Бош қомусимизнинг 14-моддасида барча амалий ишлар “ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширилади” дея мустаҳкамланган. Умуман, ижтимоий адолатга интилиш каби устувор ғоя Конституциямизнинг муқаддимасидаёқ белгиланган. Бу асосий қонуннинг барча нормалари адолат тамойиллари асосида шаклланганини кўрсатади. 

Адолат ва ҳақиқатга интилиш халқимизнинг табиатига хос. Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Адолат устувор бўлган жойда барака бўлади, тинчлик ҳукм суради, фуқароларнинг фаровонлиги таъминланади, мамлакат янада ривожланади. 
Мазкур акция сайлида партиянинг инсон манфаатларига йўғрилган ташаббуслари, ғоялари барчани юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишда янада фаол бўлишга чорлаши билан катта аҳамиятга эга бўлди. Зеро, барчамизнинг энг асосий мақсадимиз ҳам халқимиз учун хизмат қилиш, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси учун курашиш, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир. 

Шу нуқтаи назардан Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус биз учун катта аҳамиятга эга дастуриламалдир. «Адолат» СДП илгари сураётган таклифлар амалга оширилса, келгусида аҳоли ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга эришилади.

Тадбир санъаткорлар ва иқтидорли ёшлар ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокидаги концерт дастурлари билан халқчил ва мазмунли ўтди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+