Қурултой бизга нималарни ваъда қилмоқда?

01.11.2019 10:11:24

Маълумки, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Қурултой йиғилиши бўлиб ўтади. Мазкур Қурултойда мен Сирдарё вилоят партия ташкилотидан делегат сифатида қатнашаман.

Биз яхши биламизки, жорий йил сўнгида Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Шу муносабат билан бўлғуси 2020-2025 йиллардаги сиёсий партия фаолияти учун Сайловолди дастури ишлаб чиқилмоқда. Бўлиб ўтадиган ушбу Қурултойда Сайловолди дастури иштирок этувчилар томонидан кенг муҳокамадан ўтказилиб, сўнгги қарор асосида қабул қилинади ва кенг омма эътиборига ҳавола этилади.

Мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган партиянинг  Сайловолди дастури нафақат қатнашувчи биз делегатлар, балки бутун ҳалқимиз хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирмоғи лозимдир. Шу боис Қурултойда қабул қилинган ҳар бир қарор долзарб аҳамият касб этади.

Оҳирги ўтган уч йилликдаги мамлакатимиз қисқача тарихига назар ташлайдиган бўлсак, жуда кўп нарсаларга эришяпмиз, деб айта оламиз. Шу қисқа муддат ичида мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичига кўтарилиб, янги-янги марраларни қўлга киритмоқда. Энг асосий жиҳатларидан бири, очиқлик, ошкоралик принципи асосида фаолият олиб бораётганлигимиздир. Шуларни назарда тутиб, бўлғуси сайловолди дастури ҳам аввалгилардан кескин фарқ қилишига ишонаман. Яъни, унда янги Ўзбекистонннинг қиёфаси, орзу-умидлари, режа ва мақсадлари акс этмоғи муҳим. Албатта, шу давргача яширин иқтисодиёт ва сиёсат асосида иш кўриб келган мамлакатнинг халқи, охирги йиллардаги шаффофлик ва ошкоралик асосида бораётган мустақил давлатдан умиди катта. Халқ энди бемалол ўз фикрини ҳар қандай жойда очиқ-ойдин айта олади. Жоиз бўлса қонунлар вужудга келишида, яратилишида иштирок этади. Ҳақиқий демократик давлатнинг бунёд бўлаётганини кўриб халқ албатта, қувонади. Эртанги кунига ишончи ортиб, мустаҳкамланиб бораверади.

Қабул қилинажак сайловолди дастури аввалида ҳам “марказдан қуйига эмас, балки қуйидан марказга” шиори ўз тасдиғини топиб борди. Яъни, партия қуйи тизими ўз таклиф ва мурожаатларини деярли ҳар куни партия Марказий Кенгашига етказиб турди. Унда аҳолининг турфа хил мурожаатлари асосида таклифлар тайёрланди. Бу таклифларда партия электорати, қолаверса, турфа хил соҳа вакилларидан тортиб,  оддий аҳоли вакилларигача қатнашишди. Унда халқни қийнаб келаётган энг долзарб муаммолар, йиллар давомида ўз ечимини кутиб турган масалалар, айни пайтда шу кундарда халқ қалби ва ўйларида чигаллик ясаган дард-у ташвишлар қамраб олинди. Хусусан, берилган ушбу таклифларда ўзим ҳам иштирок этдим. Таклифим асоси шу бўлдики, хозирги кунда оғир касалликка чалиниб, даволанишга пул топа олмаётган кўплаб оилалар мавжуд. Бу касалликларни даволатиш учун озмунча пул зарур бўлмайди. Кези келса, баъзи оилалар катта-катта қарз олишади ёки уйларини сотишгача боришади. Биз ижтимоий тармоқларда баъзан-баъзан фалончи-писмадончи оғир аҳволда шифохонада ётибди. Унга шунча миқдорда пул зарур, деган эълонларга кўзимиз тушиб қолади. Ана шундай вазиятларда қўл келиши ҳамда ҳар битта инсон ўз саломатлиги муҳофазаси учун суғурта жамғармасини ташкил этиши керак. Суғуртага жамғариб бориладиган маблағ маълум вақт ўтиб, фуқаронинг ўзига асқотиши, шубҳасиз.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, суд-ҳуқуқ, ижтимоий муносабатлар ва муаммолар, атроф-муҳит ва экология, ер-сув муносабатлари, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларда таклифлар юбордик. Хусусан, таълим соҳасида 1-синф мактаб ўқувчиларининг сонини оптималлаштириш, дарслар сифати ва назорати учун мактаб синф хоналарига камералар ўрнатиш, мактаб ошхоналари сифатини кўтариш, мактаб дарсликларининг бепул бўлишини таъминлаш, соғлиқни сақлаш борасида шифокорлар дахлсизлигини таъминлаш, оилавий поликлиникаларда энагалар хизматини жорий этиш, ижтимоий муносабатлар борасида ёлланма ишчилар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қиладиган ташкилот тузиш, мардикор ишчилар муҳофазасини амалга ошириш, автобуслар қатновини яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимида ҳуқуқ-тарғибот органларининг фаолиятини қатъий назоратга олишни кучайтириш, ер-сув муносабатлари борасида ернинг шўрини ҳамда ер ости сизот сувларини тортиб олувчи дренажларни кўпайтириш, экин далаларида бетон ариқларни янгилаш, қолаверса, партия тизимида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва шу каби муҳим йўналишдаги таклифларни илгари сурдик.  Ўйлайманки, бўлғуси Сайловолди дастуридан ушбу таклифлар ва уларни ҳал этиш йўллари муносиб ўрин олади.

Шу билан бирга, истардикки, мамлакатимиз тақдирига дахдор бўлғуси сайловолди дастурида сайловчиларнинг дил тубидаги истаклари, хоҳиш ва орзулари акс этсин. Уни қўлга олган ҳар бир фуқаро ўзига таниш бўлган ёхуд идрок этиши осон бўлган жумлалар ўрин олсин. Хоҳ у юқори мартабали амалдор, хоҳ чўпон бўлсин, сайловолди дастурини кўз олдига келтирганида ўзининг орзуларини, келажак режаларини кўра олсин. Уни қўлига ушлаганида ўзига хамдарддек, яқин дўстидек қарасин. Ўйлайманки, бўлғуси сайловолди дастуридан ўрин олажак ҳар бир банд мана шу асосда яратилади.

Муқаддас МАЛИКОВА,

Сирдарё вилоят “Юрт истиқболи”

 ижтимоий-ахборот маркази директори,

Қурултой делегати              

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+