Қурултой кўп нарсани ҳал қилади

29.10.2019 12:10:57

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бўлиб ўтадиган IX Қуролтойи бизни янги режалар қилишга, янгича қарашларимизни шакллантиришда, мақсад ва ғояларимизни амалга оширишда туртки бўлади. Албатта, бугун бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараёнлар барчамиздан ташаббусни талаб этар экан, биз ана шу мақсад йўлида дадил қадамлар билан боришимиз шарт.

Жойларда партиянинг янги сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси ўрганилди. Ўрганишлар давомида эса соҳа мутахассислари томонидан таклифлар келиб тушди. Дастур моҳитияга эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳар бир соҳа вакилининг фаолиятига чуқурроқ ёндашилган ҳолда таклифлар қайд этилган. Бундан асосий мақсад уларнинг фаолиятларини такомиллаштириш, аниқ йўналишларини белгилаб бериш ҳамда имкониятлар кўламини янада кенгайтиришдан иборатдир.

Жойларда муҳокамаси бўлиб ўтган дастур асосида жуда кўп таклифлар келиб тушди. Хусусан, олий таълим тизимида ижодий имтиҳонларни коррупцеоген омиллардан ҳоли этиш, тиббиётда патронаж ходимлари учун ойлик йўл чипталарини белгилаш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини янада ошириш, ЙҲХБ фаолиятини такомиллаштирган ҳолда жойлардаги пиёдалар ўтиш йўлакчаларида видеокузатув камераларини ўрнатиш сингари бир қатор фикр ва мулоҳазалар таъкидланди. Ҳар бир соҳа йўналиши бўйича мутахассисларнинг таклифлари ўрганилди. Бундан асосий мақсад эса сайловолди дастур моҳиятини янада бойитиш, мутахассислар муаммоларидан келиб чиққан ҳолда уларни бартараф этиш, келажакда айни мана шу билдирилган таклифлар асосида фаолиятларини такомиллаштиришдан иборатдир. Дастурда бухороликлар томонидан билдирилган таклифлар қайд этилса, соҳалардаги муаммолар бартараф этилиб, аҳоли манфаатлари учун хизмат қилишда замин яратади, албатта.  

Бўлиб ўтадиган Қуролтой кейинги беш йиллик фаолиятимизга нисбатан эътиборни оширади, қилинадиган аниқ мақсадларимизни белгилаб беради.

Сўнгги беш йил давомида кўплаб лойиҳалар доирасида муаммолар ўрганилди. Аҳоли мурожаатлари таҳлили қилинди, ҳал этилди, ўрганилган муаммолар юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиялари ва доимий комиссияларга масалалар киритилди. Қилинган амалий ишлардан асосий мақсад халқ манфаатлари йўлида уларнинг камчиликларини бартараф этиш экан, баъзи муаммоларга жиддий ёндашмаслик эса бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқариши табиий ҳолдир. Фаолиятимиз давомида шу каби қатор камчиликларга ҳам рўбаро келдик. Хусусан, депутатлик сўровлари натижаларини эътиборга олмаслик, муаммоларга жиддий ёндашмаслик, сессия ва доимий комиссия қарорларини назоратга олмаслик, ўзибўларчиликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Ачинарлиси, баъзи депутатлар беш йил давомида ўзи сайланган ҳудудда бўлиб, аҳоли муаммолари билан қизиқишмаган. Уларга фаолиятлари юзасидан ҳисоботларини тақдим этмаган. Партия ташкилотлари билан яқиндан алоқа ўрнатмаган. Бу эса аҳолининг партияга нисбатан эътиборини сусайтиришга олиб келган. Аммо бугунги сайловчи олдинги сайловчидан тубдан фарқ қилади. Энди унинг сиёсий қарашлари шаклланди, дунёқараши ошди, билими бойиди. Бу эса нафақат партия ходимларидан, балки депутатлардан ҳам фаолликни талаб этади. Ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга туртки беради. Ўтказиладиган Қурултой юқорида санаб ўтилган муаммоларни вақтида бартараф этиш, аҳоли учун астойдил хизмат қилиш ҳамда ҳар бир иш учун аниқ мақсад сари ёндашишни таъминлайди. Шунингдек, депутатлар фаолиятини тубдан ўзгартириш, уларни янада халққа яқинлантириш учун ҳам туртки бўлди.

Аҳоли билан ишлашда самарали механизмларни жорий этиш орқали уларнинг манфаатларини вақтида ҳал этиш имкони туғилади. Ҳар бир партия ходими ва депутат айни мана шу механизмни эрта ёки индин эмас, аксинча, вақтида ўрганиб, ҳал этса, мақсадига эришади, халқ ишончини қозона олади. Қурултой давомида мана шу масалаларга қаратилган эътибор “Бугунги ишни эртага қолдирма” нақлини ҳаётимиз давомида шиорга айлантиришимизда ҳамда халқ билан ёнма-ён яшаб, имконият яратиб беришимизда кўмак бўлади. Йиғилишда қайд этиладиган вазифаларни фаолиятимиз давомида аниқ мақсад қилиб белгилаб борсак, аҳоли томонидан бериладиган ҳар қандай мурожаатлар ечими ҳам ўз-ўзидан ҳал этилади. Халқ ҳам хурсанд бўлади.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши раиси     

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+