Рамазон ҳайитини оила даврасида ўтказишни мақсад қилдик

23.05.2020 22:05:50

Мана, зум ўтмай муқаддас Рамазон ойи ҳам ўз поёнига етмоқда. Шу ўтган давр мобайнида Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлари ва фаоллари тарафидан кўнгилли равишда қанчадан-қанча савобли ишлар амалга оширилди. Муқаддас ойнинг ажр-у камолидан баҳраманд бўлишга маълум маънода эришилди ҳам.

Яқинда мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорда Рамазон Ҳайит байрамини муносиб ўтказиш тўғрисида қатор ва муҳим вазифалар белгилаб берилди. Юртимизда ҳукм суриб турган синовли вазият ортга чекинмаганлигини ҳисобга олган ҳолда барчани ушбу муборак айёмни уйда, оила даврасида ўтказишга даъват этилгани замирида, энг аввало, ўз хавфсизлигимиз, атрофимиздагиларнинг саломатлигини асраб қолишга интилишдек буюк мақсад ётибди, албатта. Шуларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, ходимлари ва барча фаоллари ҳам Рамазон Ҳайит айёмини оила ва яқинлар даврасида ўтказишни мақсад қилганмиз. Зеро, саломатлик – туман бойликдир. Соғ-саломат бўлсак, ҳали қанчадан-қанча бу каби байрамларни биргаликда, танатанали қилиб ўтказишимизга аминман. Шунинг учун ўйлайманки, юртимизнинг барча фуқаролари бу қоидага сўзсиз, оғишмай амал қилишлари лозим.

Бу борада барча жипслашса, бир-бировга етказишса ва қоидага ўзлари ҳам амал қилишса кўзланган марраларга албатта, етамиз. Халқимизнинг иноқлиги, қийин вазиятларда ҳам бир-бирини ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги бошимиздан ўтиб турган бугунги кундаги синовли кунларда яққол намоён бўлмоқда. Азалий анъана ва қадриятларга бой халқимиз ушбу улуғ кунларда қадр топган удумларидан бироз чекиниб, оммавийликдан ҳоли тарзда, фақатгина яқинлари, оиласи билан муборак айёмимизни ўтказишларига тўғри келмоқда. Коронавирус пандемияси айниқса, кексалар учун хавфи юқори даражада эканлигини инобатга оладиган бўлсак, биз шубхасиз, ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишимиз зарур эканлигини англаймиз. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, биз имкон қадар ёши улуғ кексаларимизни бу балои офатлардан асраб қолишимиз даркор. Мазкур муборак байрамнинг ўтказилишида отахон-у онахонларимизнинг ҳиссаси кўпроқ бўлиб, йилдан йилга улар ташаббуслари билан ёш авлодларимиз онгига муқаддас байрамларимизнинг чуқур моҳияти сингиб боришини эътиборга олиб ҳам бу йилги шароитда биз қатъий чегарани ушлаб туришимиз нақадар долзарб ва муҳим эканлигини ҳис қиламиз.

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+