Рақамли иқтисодиёт халқ фаровонлигига хизмат қилади

05.02.2020 16:02:19

Инсон ҳаёти, фаровон турмушининг сифати у яшаётган  атроф-муҳит шароити, яратилган қулайликларга бевосита боғлиқ. Бу ижтимоий- иқтисодий ривожланишнинг  муҳим кўрсаткичларидан биридир.

Рақамли рақобатбардош иқтисодиёт миллий иқтисодиёт ва унда хусусий мулкчиликка  асосланган  тадбиркорлик фаолиятини  амалга ошириш учун  яратилган зарур шароитлар аҳоли турмуш даражасини доимий яхшиланиб боришига  хизмат қиладиган  тизимдир.    

Ўзбекистон ахборотлашган дунё ҳамжамиятида ўзига хос  ўринга эга бўлган,  иқтисодиёти юксалиб халқининг фаровонлиги ортиб бораётган давлатлар сирасига киради.

Умумжаҳон тан олган ижтимоий ўлчовлар кундан кунга ортиб бораётган, таниқли олимлар,  сиёсатчи ва иқтисодиёт соҳаси  лидерлари  томонидан  эътироф этилаётган мамлакат. Ишлаб чиқариш, истеъмол, экспорт, туризм ҳамда ахборот коммуникациялари технологияларини ҳаётга жорий қилиш бўйича муттасил илгарилаб бормоқда. Бу эса ўз навбатида рақамли иқтисодиёт шаклланиб, ижтимоий-иқтисодиёт,  бошқарув ва бошқа соҳалардаги ахборотларнинг аҳоли учун очиқлиги ва шаффофлиги таъминланишига хизмат қилади.  

Муҳтарам давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақида атрофлича тўхталиб,  таъкидлаганларидек, “Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади. Шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор. Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.”

Бу ўринда Мурожаатномада келтирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этишига алоҳида аҳамият қаратайлик. Йилдан йилга мамлакатимизга замонавий технологиялар кириб келмоқда.  Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар хориждан  ишлаб чиқариш техникаларини сотиб олмоқдалар.  Янги-янги қўшма корхоналар очилиб,  зарур жиҳозлар билан таъминланиши ҳам замонавий ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва иш ўринлари яратилишига  хизмат қиляпти.   Инвестицияларнинг 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсганлиги, ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етганлиги рақамли техналогиялар билан чамбарчас боғлиқдир.

Ҳеч шубҳасиз, бугун жаҳон бозорида харидоргир маҳсулот етказиб бериш ва иқтисодий салоҳиятни юксалтиришда ахборот технологияларининг  кенг татбиқ этилиши долзарбдир.

Жамиятимиз ҳаётида тезкор ахборот алмашинуви, электрон тижорат,  электрон банк хизматлари, электрон тўловларнинг йўлга қўйилганлиги,  ахборот маконида оммавий ахборот воситаларининг тинимсиз ишлаб турганлиги ижтимоий-иқтисодий  силжишларни ўзида намоён этади. Президентнинг виртуал қабулхоналари, халқ қабулхоналари, ишлаб чиқариш ва бизнес вакиллари учун эса Бош вазир қабулхоналарининг ишга туширилганлиги  мавжуд муаммоларнинг ечимларни тез топиб, адолатли ҳал қилиш имкониятини яратмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт,  қурилиш,  таълим,  тиббиёт, маданият,  бошқарув  соҳаларимиздаги ижтимоий ўсишлар  рақобатбардош бўлиб бораётган Ўзбекистонга хос жиҳатларга айланиб улгурди.

Давлатимиз  раҳбарининг    2019 йилнинг 8 январдаги  “Иқтисодиётни  янада ривожлантириш ва  иқтисодий сиёсат самарадорлигини  оширишнинг  қўшимча чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  Фармони ҳамда 18 майдаги “Рақамли иқтисодиёт ва “электрон ҳукумат” тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларида ҳам бу борада қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, мамлакат иқтисодий тараққиётининг  янги босқичида муҳим аҳамият касб этади.

Бугун эришилаётган ютуқлар ва амалдаги ислоҳотларни кўзда тутиб айтишимиз мумкинки, мамлакатимизнинг  рақамли иқтисодиётга  фаол ўтиши адолат мезонлари устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда катта қадамдир.

Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+